Ўзбекистон – Қозоғистон: спорт таълимида янги ҳамкорлик йўналишлари белгиланди
Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилаётган “Келажак ўйинлари-2026” учинчи халқаро мусобақаси доирасида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икрамов Қозоғистон Миллий спорт университетига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Қозоғистон Республикаси туризм ва спорт вазири Эрбол Мирзабосинов ҳамда мазкур университет ректори Турсинзада Куангалиева билан спорт таълими ва илмий-тадқиқот йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва мураббийлар алмашинувини йўлга қўйиш, замонавий спорт технологиялари ва инновацион ёндашувларни таълим жараёнига жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Томонлар спорт таълими тизимида ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда таълим ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш икки давлат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.
Учрашув якунида истиқболдаги ҳамкорликни изчил давом эттириш юзасидан ўзаро келишувга эришилди.
Т. Рўзиев, ЎзА