Ўзбекистон-Қирғизистон: Спортда янги ҳамкорлик уфқлари
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Қирғизистон миллий олимпия қўмитаси президенти Айваз Оморканов пойтахтимизда бунёд этилган “Олимпия шаҳарчаси” билан танишди.
Ташриф доирасида А.Оморканов мажмуада ўтказилаётган спорт мусобақалари, шаҳарчадаги ҳар бир объект ва уларда яратилган замонавий шарт-шароитлар, спортчиларнинг машғулот ўтказиш ва йирик халқаро мусобақаларни қабул қилиш имкониятларига юқори баҳо берди.


Шунингдек, Қирғизистон миллий олимпия қўмитаси президенти бошчилигидаги делегация пойтахтимиздаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, унинг барпо этилиш тарихи, фаолият йўналишлари ҳамда Ўзбекистоннинг бой илмий-маърифий мероси ва ислом цивилизацияси ривожига қўшаётган беқиёс ҳиссаси ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлди.
Ислом цивилизацияси марказидаги ноёб экспозициялар, тарихий қўлёзмалар ва маданий меросни асраб-авайлашга қаратилган лойиҳалар билан яқиндан танишув асносида мажмуа нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бой тарихий-маданий меросини кенг тарғиб этишдаги аҳамиятини эътироф этди.


Ташриф доирасида Айваз Оморканов Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О.Умаров билан олимпия ҳаракатидаги муштарак мақсадлар, ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг истиқболли режалари хусусида суҳбатлашди.
Мулоқотлар жараёнида терма жамоалар, спорт мутахассислари, мураббийлар иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, нуфузли мусобақаларни ҳамжиҳатликда ташкил этиш каби бир қатор масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Т.Рўзиев, ЎзА