Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 85 йиллигига
НАҚАДАР УЛУҒДИР УСТОЗ ДЕГАН НОМ
ЗИЁРАТ
Агар бўлса инсон қавмидан зотинг,
Агар адабиёт бўлса қанотинг,
Шоирлар сафида эсланса отинг,
Абдулла устозни айла зиёрат.
Агар Ўзбекистон Ватаним десанг,
Агарда шеърият жон-таним десанг,
Бу дунёда топган махзаним десанг,
Абдулла устозни айла зиёрат.
Агар ёдга олсанг “Соҳибқирон”ни,
Шоирлардан чиққан илк Қаҳрамонни,
Мадҳиямиз ёзган булбул забонни,
Абдулла устозни айла зиёрат.
Таҳсил олди Қайсин оға қўлида,
Дантени сўзлатди ўзбек тилида,
Буюкларга ҳамроҳ карвон йўлида,
Абдулла устозни айла зиёрат.
У куйлади озод Ўзбекистонни,
Куйлади Навоий, Навойистонни,
Кўрдик беш юз йилда келар султонни,
Абдулла устозни айла зиёрат.
Нақадар улуғдир устоз деган ном,
То шоир бор сизга йўллайди салом,
Қутлуғ анъаналар этади давом,
Абдулла устозни айла зиёрат.
ШЕЪРИЯТ ЙЎЛИ
Кимки бўй ростласа чўққига қараб,
Мартабаси бўлар чўққидай баланд.
Умринг ўтиб борар сойдай шарқираб,
Шеърни севсанг, яша шоирга монанд.
Шеърият тоғига айлагин назар,
Унда бор Навоий аталган чўққи.
Шеър завқини туймоқ истасанг агар,
Ҳазрат Навоийнинг шеърини ўқи.
Ҳазрат Навоийнинг шеъриятига,
Топиниб яшади Абдулла устоз.
Оллоҳ қанот берди пок ниятига,
Шеърият кўкида айлади парвоз.
Кимки шоирликни қилса ихтиёр,
Абдулла Орипов йўлини берсин.
Ҳазрат Навоийдан ўқисин такрор,
Сўз гавҳарларини устоздай терсин.
Ўзим шеър мулкига қадам қўйган вақт,
Абдулла устознинг тутдим қўлидан.
Устоз огоҳ этди, қилди насиҳат,
Ҳазрат Навоийнинг ойдин йўлидан.
Мени илк кунданоқ Абдулла устоз,
Навоий чўққиси сари юзлатди.
Сўз хазинасига этганча ҳамроз,
Босган қадамимни зимдан кузатди.
Иқрорман, шеърият йўлидан юриб,
Мен на Навоий, на Орипов бўлдим.
Айтурман устозлар пойида туриб:
Шукур, Асрор Мўмин эканим билдим.
МУХЛИСЛИК
Агар шеър ўқиса Абдулла ака,
Ўқирди баҳорги дарёдай жўшиб.
Ижодига тилар эдик барака,
Қўлдан қаламимиз кетарди тушиб.
Ўзимиз сезардик ўша дамлар биз,
Уммоннинг олдида турган томчидай.
Назм посбонига келиб юзма-юз,
Ортига бурилган тўп талончидай.
Томирда қонимиз оқарди тўлиб,
Юлдузли онларнинг келишин кутдик.
Посбоннинг кўзини шамғалат қилиб,
Панада шеърсимон нарсалар битдик.
Гоҳо шеърхон топиб ўзимиз монанд,
Кичик давраларнинг шоири бўлдик.
Бироқ тўрғай қанча учмасин баланд,
Бургут бўлмаслигин охири билдик.
Сўнгра имконимиз чамасин билиб,
Елкамизга олдик кўтарганча юк.
Бари бир кимлардир айёрлик қилиб,
Интилди ҳаммадан бўлишга суюк.
Улар-ку йўлларда тўхташди толиб,
Биз эса эргашдик шоирдан қолмай.
Ўтган умримиздан юрмасмиз нолиб,
Юрсакда назмда довруқлар солмай.
Омадли эканмиз турфа юрт кўрдик,
Устознинг ортидан изма-из юриб.
Устоз билан бирга хаёллар сурдик,
Заминнинг кўркига термилиб туриб.
Ўзгалар ўйига қўймадик тузоқ,
Ўзғирман демадик улоқиб, чопиб.
Сийланган жойлардан кетмадик узоқ,
Туғилган юртимиз борурмиз топиб.
Қулоқ солиб туриб замон дардига,
Унутиб қўймадик шабнам оҳини.
Энди тан берамиз майдон мардига,
Қутлуғ деб биламиз шеър даргоҳини.
Ахир, Гўрўғли ҳам кезганда олам,
Унга эргашгандир қўлловчи зотлар.
Буюкларга йўлдош бўлмаса одам,
Қандай чиқаради метин қанотлар?
Баландми ё пастми ҳар қалай бугун,
Ўз қанотларимиз билан учяпмиз.
Бизга шунинг ўзи басдир, инчунун,
Камтар марраларда зафар қучяпмиз.
Ким битказа олган барча ишини,
Йиллар армонини тезроқ унутдик.
Четга қўйиб майда умр ташвишини,
Асосий юмушнинг бошини тутдик.
Яхшиям, дунёда басир инсондай,
Суяниб қолмадик битта асога.
Бугун шодлигимиз олам-жаҳондай,
Олқишлар айтурмиз сиздай пешвога.
Бу кун ўзимизга бермасмиз баҳо,
Балки шоирдирмиз, балки ҳаваскор.
Аммо шу аниқ: Сиз – биз учун даҳо!
Кичик кўксимизда тоғдай ғурур бор.
Аммо шу аниқ, шеър аталган маёқ,
Кўриниб турибди юрмайлик қайда.
Шу боис, ишонинг биз бундан-буёқ
Адашиб қолмасмиз бирон-бир жойда.
БУЮКЛИК
Абадият ўсди кўз олдимизда,
Шундоқ ёнимизда ўтди Мангулик.
Абдулла Орипов
Буюклик яшабди ёнгинамизда,
Қанча мўъжизавий шеърлар битибди.
Огоҳлик ҳисси бор эди-ку бизда,
Кўзимизни очсак ул зот ўтибди.
Кеч билдик: ул зотнинг буюклиги рост!
Айрилиқ барчани қайғуга солди.
Шукурки, ул зотдан биз учун мерос
“Ўзбекистон” қолди, “Халқ”, “Соғинч” қолди.
Қанот бағишлабди “Руҳим” ва “Ҳайрат”,
Ва сабоқ берибди “Йиллар армони”.
Қумурсқа мисоли ташланса ғийбат,
Ёнига чорлабди замон арслони.
Буюклар буюкка доимо ҳамдам,
Устоз ҳам қатордан бўлмади хато.
Ўзбекча сўзлади Қайсин оға ҳам,
Ўзбекча сўзлади Данте ҳам ҳатто.
“Соҳибқирон” билан бирга яшади,
“Жаннатга йўл” топди “Ҳаж дафтари”дан.
Биз билан ёнма-ён қадам ташлади,
Бироқ, у тўн кийди юрт сарваридан.
Ул зот шоир бўлиб дунёга келди,
Давлат мадҳияси тилларда достон.
Буюк хизматлари учун берилди
“Қаҳрамон” дейилган энг олий унвон.
Афсус, кўп кунлари ўтди жигархун,
Дейдилар, вақт даво дил ярасига.
Беадад шукурки, тикилди мамнун
Юртимиз “Истиқлол манзараси”га.
Буюклик яшабди ёнгинамизда,
Қанча мўъжизавий шеърлар битибди.
Огоҳлик ҳисси бор эди-ку бизда,
Кўзимизни очсак ул зот ўтибди...
Асрор МЎМИН,
шоир, Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси