Ўзбекистон Президенти сайлови – дунё ОАВ эътиборида
Жаҳон оммавий ахборот воситалари мамлакатимизда бўлиб ўтган Президент сайловини кенг ёритмоқда.
АҚШнинг мамлакатимиздаги собиқ элчиси Жон Ҳёрбст сўзларига кўра, “Ўзбекистонда сайлов ўтмишдагига қараганда эркин ва адолатлироқ ўтди. Бу мамлакатдаги демократик ўзгаришлардан даракдир. Ҳеч қайси давлат бир кечада демократик давлатга айланиб қолмаган”.
“Вашингтон Ўзбекистонни минтақадаги муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган етакчи сифатида кўради”, – дея қўшимча қилади у.
Сайловни кузатишда Исроилнинг оз сонли журналистлари, жумладан, “The Jerusalem Post” газетаси вакиллари ҳам иштирок этди. Улар Ўзбекистон Президенти сайловини фаол ёритди.
“Мамлакат сайловга юзланаётганда диққат марказида Президентлик эмас, балки демократик эркинлик туради”, – деб ёзди “The Jerusalem Post” газетаси. “Кузатувчиларнинг аксарияти сайлов ҳамда аҳолига яратиб берилган демократик эркинлик ҳақида кўпроқ гапиришди”.
“Одамларнинг сайловга муносабатидан ҳайратга тушдик. Кўпчилик сайловчилар кийимларига Ўзбекистон байроғи рамзи туширилган думалоқ стикер ёпиштириб олган. Ундаги “Мен овоз бердим, сизчи?” деган ёзув эътиборимизни тортди”, – деб ёзади газета журналистлари.
Улуғбек Маҳмирзаев тайёрлади