
Улжон Амриева Жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилган тарихдаги биринчи ўзбекистонлик кўзи ожиз пара дзюдочига айланди
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида пара дзюдо бўйича жаҳон чемпионати якунланди. Мазкур мусобақада терма жамоамиз аъзолари 2 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, дунё биринчилигида вазни -60 кг. бўлган Улжон Амриева J1 тоифасидаги баҳсларнинг барчасида ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритди. Ушбу натижа билан Улжон Амриева Жаҳон чемпионатида шоҳсупага кўтарилган тарихдаги биринчи ўзбекистонлик кўзи ожиз пара дзюдочига айланди.
Шунингдек , -64 кг. вазндаги дзюдочилар орасида Кемран Нуриллаев (J2) ҳам делегациямиз ҳисобига олтин медал келтирган бўлса, финалга қадар муваффақиятли иштирок этган Шерзод Намозов (-64 кг. J2) ва Давурхон Кароматов (-95 кг. J2) кумуш медал билан тақдирланди. Моҳинур Фармонова (+70 кг. J2) бронза медалига эга чиқди.
Ушбу юксак натижалар мамлакатимизда пара спортга қаратилаётган улкан эътибор самарасидир. Пара дзюдочиларимизнинг бу муваффақиятлари келгусидаги нуфузли мусобақаларда ҳам қайд этилишига ишонамиз.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА