Ўзбекистон - Озарбайжон: стратегик шерикликдан абадий дўстлик сари
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги сиёсий мулоқот янги босқичга кўтарилди. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларнинг кенгайиши, транспорт, энергетика, таълим ва маданият соҳаларидаги қўшма ташаббуслар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни амалий мазмун билан бойитмоқда.
Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевнинг юртимизга давлат ташрифи ана шу жараённинг муҳим давоми бўлди. Ташриф давомида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишларини муҳокама қилдилар. Учрашувлар якунида сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.
Ташрифнинг энг муҳим натижаларидан бири Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлди. Мазкур ҳужжат икки ўлка ўртасидаги сиёсий ишончни мустаҳкамлаш билан бирга, узоқ муддатли ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтирмоқда.
Иқтисодий ҳамкорликда ҳам аниқ мақсадлар белгиланган. Томонлар 2030 йилга қадар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича дастурни қабул қилди. Инвестиция ва савдо соҳаларидаги келишувлар билан бир қаторда банк-молия, қурилиш материаллари, туризм, таълим ва минерал хомашёни қайта ишлаш бўйича янги лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Транспорт-коммуникация соҳаси ҳам Ўзбекистон–Озарбайжон иқтисодий шериклигининг стратегик йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Озарбайжоннинг Каспий денгизи орқали халқаро транспорт йўлакларидаги ўрни республикамиз учун Европа бозорларига чиқишда муҳим аҳамиятга эга. Диёримизнинг Марказий Осиёдаги географик жойлашуви эса Осиё ва Европа ўртасидаги транзит маршрутларини диверсификация қилиш учун қўшимча имконият яратади.
Ташриф доирасида маданий-гуманитар ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Янги Тошкентда “Озарбайжон” боғининг барпо этилиши ва Бокуда “Ўзбекистон” боғини ташкил этиш ташаббуси икки халқнинг тарихий, маданий ва маънавий яқинлигини ифодаловчи муҳим рамзий қадамлардир.
Умуман олганда, Ўзбекистон - Озарбайжон муносабатлари сиёсий ишонч, иқтисодий манфаатлар ва тарихий-маданий яқинликни бирлаштирган кенг қамровли ҳамкорликка айланмоқда. Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши эса икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги сиёсий-ҳуқуқий босқичга олиб чиқиб, узоқ муддатли ҳамкорлик учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.
Рашид Маматқулов,
Тошкент давлат юридик университети доценти