Франкфурт-Майнда бўлиб ўтган “Golden Grace” халқаро мода намойишида “Miras by Banu” бренди остида ўзбек миллий либосларининг ўзига хос услуби намойиш этилди. Германиянинг “Fusion Design” дизайнерлар ассоциацияси кўмагида ташкил этилган тадбир шаҳарнинг йирик халқаро аэропорти ҳудудида жойлашган “The Square” кўргазма залида уюштирилди.
Намойишда 400 дан зиёд меҳмон, жумладан машҳур дизайнерлар, маданият ва санъат арбоблари, блогерлар, сураткашлар ва Европа мода саноати вакиллари иштирок этди. Трендлар Франция, Германия, Испания, Украина, Греция, Ўзбекистон ва Латвиядан борган 15 нафар истеъдодли дизайнер томонидан тақдим этилди. Мамлакатимиз намойишда иштирок этган ягона Осиё давлати сифатида учинчи бор ўз коллекциясини тақдим этди.
Меҳмонлар қўл меҳнати санъати ва ўзбек матоларининг жимжимадор нақшларидан баҳраманд бўлишди. Хусусан, бутун дунёга ноёб матолари билан машҳур бўлган, Буюк ипак йўли бўйлаб жойлашган қадимий шаҳарларимиз тарихий меросига алоҳида эътибор қаратилди.
Миллий кийимлар намойиши хорижлик томошабинларда ўзбек маданиятига нисбатан зўр қизиқиш уйғотди. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган мазкур тадбир ўзбек дизайни жаҳон узра тобора оммалашиб бораётганидан далолатдир.
Мамлакатимиз дизайнерлари “Golden Grace”даги муваффақиятли иштироки туфайли келаси йил май ойида ўтказиладиган “Modenschau-2025” намойишига ҳам таклиф қилинди. Бу ўзбек модасини халқаро майдонда тарғиб қилиш учун яна бир истиқболли имконият, дейиш мумкин.
Азиза Алимова,
ЎзА