Ўзбекистон Миллий университетининг халқаро нуфузи ошмоқда
"Quacquarelli Symonds" халқаро рейтинг агентлиги томонидан “QS World University by Subject Rankings 2026” натижалари эълон қилинди.
Натижаларга кўра, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 4 та фан йўналиши бўйича дунёнинг энг кучли университетлари қаторидан жой олди.
“Археология” йўналиши илк бор рейтингдан ўрин олиб, унда ЎзМУ 201–260 ўринда қайд этилди. “Математика” йўналишидаги халқаро натижалар 100 поғона юқорига кўтарилиб, 301–350 ўринни эгаллади.
“Лингвистика” йўналишида ЎзМУ илк бор дунёнинг кучли 301–350 университетлари қаторидан жой олди.
“Физика ва астрономия” йўналишида эса аввалгига нисбатан 200 поғона юқорилаб, 401–450 ўринни эгаллади.
Мазкур натижалар Ўзбекистон олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси сифатида муҳим аҳамиятга эга. Халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш нафақат университет нуфузини оширади, балки илмий салоҳият, таълим сифати ва халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришда ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА