Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги йиғинини бошлади
Тошкентда футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси навбатдаги ўқув-машғулот йиғинига киришди. Бош мураббий мазкур йиғинга жами 25 нафар футзалчини жалб этган. Улардан 4 нафари дарвозабон, 6 нафари ҳимоячи, 10 нафари қанот ўйинчиси ва 5 нафари ҳужумчи ҳисобланади.
12 июнга қадар давом этадиган йиғин давомида футзалчилар ҳар куни икки маҳалдан интенсив машғулотларда иштирок этади. Тайёргарлик жараёнида тактик ва жисмоний тайёргарликка алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, йиғин доирасида Ўзбекистон футзал федерацияси таклифига биноан мамлакатимизга ташриф буюрган португалиялик мутахассис Нуну Мигел дарвозабонлар билан махсус машғулотлар олиб бориши режалаштирилган.

Мазкур йиғин жамоанинг келгуси халқаро мусобақалар ва расмий учрашувларга тайёргарлигининг муҳим босқичларидан бири ҳисобланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА