Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси – 34 ёшда
Бугун, 21 январь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганига 34 йил тўлди.
1993 йил Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Халқаро олимпия қўмитасининг 101-сессиясида ХОҚ аъзолигига қабул қилинди.
Мамлакатимиз спорт делегацияси ўтган давр мобайнида 8 та ёзги ва 8 та қишки Олимпия ўйинларида, шунингдек ёзги ва қишки Осиё ўйинларида ҳамда тўрт йиллик ўйинлар тизимидаги қатор нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиб, муносиб натижаларни қайд этди.

Мард ва музаффар спортчиларимиз ушбу мусобақалардаги такрорланмас ғалабалари билан Ватанимиз шарафини халқаро спорт майдонларида улуғлади.
Миллий олимпия қўмитаси мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, олимпизмнинг пок ва эзгу ғояларини илгари суриш йўлида кенг кўламда иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаб, нуфузли спорт ташкилотлари билан кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйган.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ташкил этилганидан буён бугунга қадар спортчиларимиз 8 та қишки – “Лиллехаммер-1994”, “Нагано-1998”, “Солт-Лейк-Сити-2002”, “Турин-2006”, “Ванкувер-2010”, “Сочи-2014”, “Пхёнчхан-2018” ва “Пекин-2022” Олимпиадаларида қатнашган.
Қишки Олимпиадалар тарихида терма жамоамиз аъзолари томонидан 1 та олтин медаль қўлга киритилган. 1994 йил Лина Черязова Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳрида фристайлнинг акробатика йўналиши бўйича қишки Олимпия ўйинлари шоҳсупасига кўтарилган. Ушбу медаль мустақил Ўзбекистоннинг Олимпиадалардаги илк олтини сифатида тарихга кирган.

Ўзбекистон делегацияси “Атланта-1996”, “Сидней-2000”, “Пекин-2004”, “Лондон-2012”, “Рио – 2016”, “Токио-2020” ва “Париж-2024” ёзги Олимпиадада жами 19 та олтин, 8 та кумуш ва 23 та бронза жами 50 та медални қўлга киритган.
Бу муваффақиятлар Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан спортни янада оммалаштириш ва ёшларимизнинг Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турларига бўлган қизиқишларини ошириш, ушбу спорт турлари билан шуғулланишлари учун барча имкониятлар яратилганидан далолат. Умид қиламизки, бу каби самарали ишлар натижасида тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаларида ғалабаларимиз сони бугунгидан кўра кўпаяди.
Т.Рўзиев,
Ж.Тошхўжаев,
ЎзА