Ўзбекистон маърифий салоҳиятининг кўзгуси
Мамлакатимизда бошланган Маданий мерос ҳафталиги юртимиз ва чет эл олимлари, мутахассислари, музейшунос ва ноширларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Бундай қизиқишнинг асосий сабаби шуки, бой маданий меросни мукаммал ўрганиш, турли сабаблао билан хорижга чиқиб кетган маданий-илмий манбаларимизни кенгроқ тадқиқ этиш, уларнинг ақалли факсимиле нусхалари ҳақида кенгроқ маълумотга эга бўлиш борасида бошланган эзгу ташаббуслар ўзининг ҳаётий ифодасини топмоқда.
"Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс пойдевори" мавзусидаги V халқаро конгресс иштирокчиларининг фикри ҳам айни фикрларни яна бир бор тасдиқламоқда.

Шарлотта Крамер, Австриядаги
"Mueller&Schindler" нашриёт-уйи директори:
–- Ўзбекистон ўзининг бой тарихи, бебаҳо маданияти ва санъати билан жаҳонга ном қозонган мамлакат. Мана бир неча йилдирки, бу табаррук юртда қадимий меросни мукаммал ўрганиш бўйича кўплаб амалий қадамлар ташланди. "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" маърифий лойиҳасининг самарали амалга оширилаётгани, лойиҳа доирасида нашр этилган китоб-альбомлар музей ва кутубхоналар, ўқув масканларига бепул топширилаётгани унинг нечоғли инсонпарвар ғояга асосланганидан дарак беради.
Акбар Ҳакимов,
Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, санъатшунос олим:
–- Маданий меросни ўрганишга бағишланган ушбу халқаро конгресс илмий тадқиқот марказлари, кутубхоналар, маърифий муассасалар ўртасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Маданий меросга оид форум ва, умуман, бу ҳафталик доирасидаги тадбирлар бевосита Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан узвий боғлиқ. Шу тадбирлар орқали ҳам дунё янгиланаётган Ўзбекистон қиёфаси билан танишишга муваффақ бўлмоқда. Мамлакатда кечаётган янгиланишлар жараёни Ўзбекистон Фанлар академияси фаолиятида, илмий доираларнинг , олим ва тадқиқотчиларнинг қўллаб-қувватланаётганида ўз ифодасини топмоқда.
Пери Бенедикт,
Венгрия шарқшунослик институти директори:
– Ўзбекистон маданий мероси Европа мамлакатларида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Кейинги йилларда Ўзбекистон ҳамда Венгрия ўртасидаги маданий, илмий-маърифий алоқалар тобора кенгайиб бормоқда. Қадимий қўлёзмаларни ўрганиш катта қунт, билим, сабот, вақтни талаб этади. Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан ташкил этилаётган мазкур конгресс бу борадаги тадқиқотлар қамровининг кенгайишига хизмат қилмоқда.
Байболат Абитов, қирғизистонлик олим:
– Маданий меросни ўрганишга оид бу конгресс бежиз Ўзбекистонда ўтказилмаяпти. Негаки, Ўзбекистон азалдан илм-фан, маданият, маърифатнинг чорраҳасигина эмас, балки ўчоғи, маркази бўлиб саналган. Ўтган ўттиз йил мобайнида мамлакатингизнинг турли соҳаларида қўлга киритилган ютуқлари барча жабҳаларда кўзга яққол ташланмоқда. Мазкур конгресс ҳар бир тадқиқотчига ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш, қўлёзма ва тарихий манбалар тадқиқоти бўйича энг сўнгги янгиликлар билан бафуржа танишиш имконини беради. Шу билан бирга, мазкур маърифий лойиҳа Ўзбекистон илмий салоҳиятининг ҳам кўзгусидир.
ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.