Ўзбекистон мактабларида канча ўқувчи таҳсил олади?
Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.
Миллий статистика қўмитаси сўнгги маълумотларига кўра, 2025/2026 ўқув йили бошида мамлакатимиздаги умумий ўрта таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг умумий сони 6 миллион 870,5 минг нафарга етди.
Ушбу рақамларни ўтган йилги кўрсаткичлар билан қиёслаганда, мактаб ўқувчилари сони бир йил ичида 94,2 минг нафарга кўпайганини кўриш мумкин. Шунингдек, жами ўқувчиларнинг 51,2 фоизини ўғил болалар, 48,8 фоизини эса қиз болалар ташкил этмоқда.

Ҳудудлар кесимида энг кўп ўқувчи Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, Самарқанд вилоятида 814,2 минг, Фарғонада эса 733,4 минг нафар ёш авлод билим олмоқда.
Шунингдек, Қашқадарё вилояти юқори кўрсаткич билан (688,1 минг) кучли учликни якунлаб берган.
Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўрсаткичлар салмоқли - Андижонда 634,7 минг, Тошкент шаҳрида 562,1 минг, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида эса мос равишда 571,3 минг ва 572,8 минг нафар ўқувчи мактаб парталарида ўтирибди.
Нисбатан камроқ ўқувчилар сони Сирдарё (165,1 минг) ва Навоий (195,7 минг) вилоятларида қайд этилган.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳам рақамлар деярли яқин — мос равишда 375,5 минг ва 377,4 минг нафарни ташкил этмоқда. Тошкент вилоятида эса 547,2 минг нафар ўқувчи янги ўқув йилини бошлаган.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА