Сўнгги йилларда мамлакатимиз ва Кувайт ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатлари ривожланиб бормоқда. Жумладан, икки давлат ўртасида саноат, меҳнат, соғлиқни сақлаш, туризм ва ҳаво қатнови каби соҳалар бўйича ҳужжатлар имзоланган.
Ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бошчилигидаги делегация Кувайтда амалий ташриф билан бўлди.
Ташриф дастури доирасида Кувайт ҳукумати вакиллари, ишбилармон доиралар ва молиявий институтлар билан музокаралар ўтказилди, шунингдек, Ўзбекистон-Кувайт Ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 2-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Бизнес-омбудсман девони ходими Шероз Шодиев ҳам иштирок этди.

Комиссия йиғилиши ва икки томонлама учрашувларда инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, икки томонлама савдони кенгайтириш, нефть-газ ва нефть-кимё соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, логистика, савдо, Ўзбекистон авиакомпаниялари учун авиация ёқилғисини етказиб бериш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, шунингдек, стандартларни ўзаро тан олиш ва лабораторияларни аккредитация қилиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда сўнгги беш йил ичида икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми беш баробардан ортиқ ошгани таъкидланди. Ҳамкорликнинг асосий истиқболли йўналишлари сифатида агросаноат мажмуаси, нефть-кимё, инфратузилма, транспорт ва логистика, рақамли ҳамда молиявий хизматлар белгиланди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон-Кувайт бизнес-форуми ва “Made in Uzbekistan” кўргазмасида ҳам иштирок этилиб, электрон тижорат, исломий молия, қурилиш, саноат ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Кувайт ишбилармон доиралари билан учрашувлар ўтказилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА