Ўзбекистон кубогида ярим финалчилар аниқланди
Футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг чорак финали доирасида "Бунёдкор" – "Пахтакор" клублари ўзаро рақобатлашди.
Тошкент дербисида “Пахтакор” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувнинг 101-дақиқасида “Бунёдкор” клуби сардори Бобурбек Йўлдошевнинг қўлига тўп теккани сабаб, бош ҳакам Рустам Лутфуллин 11 метрлик жарима зарбасини белгилади. Ушбу вазиятдан Шаҳзод Азмиддинов муваффақиятли фойдаланиб, пенальтидан гол урди ва жамоасини ярим финалга олиб чиқди.
Шу тариқа, мамлакат кубогининг 1/2 финал босқичига ташланган қуръа натижасига кўра, “Андижон” – “Сурхон”, “Пахтакор” – “Навбаҳор” клублари ўзаро рақобатлашадиган бўлди.

Мазкур учрашувлар 30 август куни соат 19:00да Андижон ва Тошкент шаҳарларида бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА