Ўзбекистон кубогида енгил атлетика баҳслари якунланмоқда
Тошкент шаҳрида катталар ўртасида енгил атлетика бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари давом этмоқда. Беллашувларда спортчилар югуриш, эстафета, сакраш ва улоқтириш йўналишларида ўз маҳоратини намойиш этмоқда.
Мусобақанинг бир қатор йўналишларида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Аёллар ўртасидаги 4×400 метрга эстафетада Наманган вилояти жамоаси 4 дақиқа 00,43 сония натижа билан биринчи ўринни эгаллади. Навоий вилояти вакиллари иккинчи, Самарқанд вилояти жамоаси эса учинчи бўлди. Эркаклар ўртасидаги эстафета баҳсида Самарқанд вилояти жамоаси маррага биринчи бўлиб етиб келди.
200 метрга югуришда Султон Ғафуржонов 21,67 сония натижа билан марра чизиғини биринчи бўлиб босиб ўтди. Сарвар Жонтимиров 21,89 сония билан иккинчи, Акромжон Алиев 22,20 сония билан учинчи поғонадан жой олди. Аёллар ўртасида Тошкент шаҳри вакили Владлена Носова 25,55 сония натижа билан чемпионга айланди. Муҳайё Ғулмуродова 25,59 сония, Гулсевар Бобоқулова эса 26,21 сония натижа билан кучли учликдан жой олди.
10 000 метрга югуришда эркаклар ўртасида Нуриддин Раҳматов 30:23,05 натижа билан ғолиб бўлди. Евгений Фадеев (31:21,99) ва Бунёд Муҳитдинов (31:24,13) 2-3 ўринларни эгаллади. Аёллар ўртасида эса Нурбону Шермаматова 39:08,54 натижа билан зафар қучди. Мафтуна Аҳмедова ва Мадинахон Абдувалиева кумуш ва бронза медалларига эга чиқди.

Узунликка сакраш баҳсларида Сарвар Мейлиев 7,68 метр, аёллар ўртасида Яна Норматова 5,86 метр натижа билан энг яхши кўрсаткични қайд этди. Ядро улоқтиришда Абдуазим Раҳматуллоев 14,82 метр, Мадина Насриддинова 13,80 метр натижа билан олтин медалларни қўлга киритди. Диск улоқтиришда эркаклар ўртасида Дунёзод Сайфуллоев 59,22 метр, аёллар ўртасида Юлианна Шукина 45,90 метр натижа билан биринчи ўринни эгаллади.
Босқон улоқтиришда Умиджон Ҳасанов 67,29 метр, Зарина Носиржонова 66,31 метр натижа билан ғолиб бўлди. Лангарчўп билан сакрашда эса эркаклар ўртасида Заҳриддин Шокиров 4,80 метр, аёллар ўртасида Ҳабиба Абдураҳмонова 2,90 метр натижа билан шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА