Ўзбекистон кубоги: қиличбозлик бўйича ёшлар ўртасида ғолиблар аниқланди
Фарғонанинг Қўқон шаҳрида 13 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида қиличбозлик бўйича ўтказилаётган Ўзбекистон кубоги мусобақасининг сабля ва шпага йўналишлари бўйича ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди.
Жумладан, мусобақада сабля йўналишида қизлар ўртасидаги яккалик баҳсларида Қорақалпоғистон Республикаси вакили Тумарис Жиенбаева сўнгги ҳал қилувчи жангда Муҳаббат Қайратдиновани таслим этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Уларга ярим финалда имкониятни бой бериб қўйган Замира Абдуазимова ҳамда Азиза Жауметбаева бронза медаллари билан тақдирланди.
Ўғил болалар ўртасидаги беллашувларда Аллаяр Ўроқбоев олтин, Илҳам Тлеумуратов кумуш, Нурсултан Мирзабоев ва Муҳаммадризо Ниёзов бронза медалига сазовор бўлди.
Сабля йўналиши бўйича жамоавий баҳсларда Қорақалпоғистон Республикасининг ўғил ва қизлар жамоаси бош совринга эга чиқди.
Шунингдек, шпага бўйича ўғил болалар жамоалари ўртасида Навоий вилоятининг биринчи жамоаси ғолиб бўлган бўлса, Тошкент вилояти иккинчи, Андижон ва Фарғона вилоятлари жамоалари учинчи ўринни эгаллади.
Қизлар орасида шпага бўйича жамоавий баҳсларда ҳам Навоий вилоятининг биринчи жамоаси олтин медалга эга чиқди. Самарқандлик қиличбозлар кумуш, Бухоро ва Андижон вилоятлари жамоалари бронза медаллари билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА