
Футбол бўйича Ўзбекистон кубогининг 2-тури доирасида “G” ҳамда “H” гуруҳларидаги учрашувлар бўлиб ўтди.
Кубок баҳсларининг “G” гуруҳида "Бунёдкор" иккинчи тур учрашувини сафарда "Наманган ФА" клубига қарши ўтказди ва 3:1 ҳисобида зафар қучди. Шунингдек, ушбу гуруҳнинг "Бухоро" – "Локомотив" жамоалари баҳсида 2:0 ҳисоби қайд этилди.

Мазкур натижалардан сўнг, “Бунёдкор” очколарини 6 тага етказиб, гуруҳ пешқадамига айланди. “Бухоро” ва “Локомотив” жамоалари бир хил - 3 очкодан жамғарган ҳолда иккинчи ҳамда учинчи ўриндан жой олди. "Наманган ФА" клуби эса икки мағлубиятдан сўнг тўртинчи ўринда қолди.

“H” гуруҳидан ўрин олган ОКМК – "Насаф" учрашуви кубокнинг марказий ўйини бўлди. Ушбу жамоалар тўқнашувининг биринчи бўлимида "Насаф" Драган Чераннинг икки голи эвазига 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган эди. Бироқ, Миржалол Қосимов шогирдлари иккинчи бўлимда ўйин тизгинини ўз қўлига олди. Натижада Али Абдураҳмонов ва Рубен Санчеснинг голлари ОКМК клубига 3:2 ҳисобидаги ғалабани келтирди.

"Пахтакор" мамлакат кубоги доирасидаги учрашувда йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Пойтахтимиз клуби гуруҳ босқичининг иккинчи турида "Навоий" жамоасига қарши сафар ўйинини ўтказди ва 0:9 ҳисобида ғалабани қўлга киритди.

Бу йирик ҳисобдаги ғалабадан сўнг, “Пахтакор” 6 очко билан ўз гуруҳида яққол пешқадамга айланди ва деярли кейинги босқич йўлланмасини ҳал қилди. ОКМК ва "Насаф" жамоалари ҳисобида 3 очкодан бор ва улар 2-3 ўринга жойлашди. Бу турда ҳам таслим бўлган “Навоий” ҳамон очкосиз қолмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА