Ўзбекистон кўчиб юрувчи ҳайвон турларини асраш йўлидаги халқаро ташаббусга қўшилди
Бугунги кунда биохилма-хилликни асраш ва табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш инсоният олдидаги энг долзарб вазифалардан бирига айланмоқда.
Айниқса, кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвон турларини муҳофаза қилиш халқаро ҳамжамиятнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг мазкур соҳадаги глобал ташаббусларни қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этади.
Бразилиянинг Кампу-Гранди шаҳрида бўлиб ўтаётган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенциянинг 15-конференцияси (CMS COP15) доирасида кўчиб юрувчи турлардан ноқонуний фойдаланишни қисқартиришга қаратилган Глобал ташаббус (GTI) ишга туширилди.
Мазкур ташаббус биохилма-хилликни сақлашдаги энг жиддий муаммолардан бири — кўчиб юрувчи турларни ноқонуний ва барқарор бўлмаган тарзда олиб қўйиш ҳолатларини бартараф этишга қаратилган. Бу эса, аввало, ички фойдаланиш, жумладан, ов қилиш, тутиб олиш ва маҳаллий савдо билан боғлиқ ҳолатларда намоён бўлади. CMS конвенцияси маълумотларига кўра, ушбу омил унинг иловаларига киритилган кўплаб турлар учун жиддий хавф туғдиради.
GTI ташаббуси CMS конвенцияси доирасида амалга оширилиб, комплекс ёндашувни назарда тутади. У қонунчиликни такомиллаштириш, мониторинг тизимларини ривожлантириш, маҳаллий ҳамжамиятларни жалб этиш ҳамда аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш каби чора-тадбирларни ўз ичига олади. Ўзбекистон ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, уни амалга оширишда иштирок этаётган давлатлар қаторига қўшилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон томонидан кўчиб юрувчи турларни ноқонуний олиб қўйиш муаммосининг долзарблиги ва халқаро ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, мамлакат ҳудудида учрайдиган сайғоқ, жайрон, қулон ва қор қоплони каби кўчиб юрувчи турларни муҳофаза қилиш миллий ҳамда трансчегаравий даражада мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни талаб қилиши қайд этилди.
Ҳайвонот дунёсини асраш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган чораларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон, шунингдек, халқаро ҳамкорлар билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш ва Марказий Осиё минтақасида табиатни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди.
Мазкур глобал ташаббус кўчиб юрувчи ҳайвон турларини асраш ва биохилма-хилликни муҳофаза қилиш йўлида муҳим қадам ҳисобланади. Ўзбекистоннинг ушбу жараёнда фаол иштирок этиши эса мамлакатнинг экологик барқарорлик ва халқаро ҳамкорликка содиқлигини яна бир бор намоён этди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА