Ўзбекистон кимё саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати ошмоқда (+видео)
Президент ташрифидан сўнг...
Кундалик турмушимизда маиший кимё маҳсулотларининг ўрни юқори. Транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ҳамда турли тозаловчи кимёвий маҳсулотларнинг катта қисми импорт қилинар эди, аммо бугунги кунда мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқариш жадал ривожланди. Натижада бозорларимиз маҳаллий маҳсулотлар билан бойиди.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 2 июнь куни “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркига ташриф асносида у ерда фаолият юритаётган “BCG Group OZ” корхонаси фаолияти билан танишди.
Умумий қиймати 6 миллион долларлик лойиҳа доирасида россиялик ҳамкор билан ташкил этилган корхонада 80 дан зиёд янги иш ўрини яратилган.

– Бугунги кунда корхонамизда маиший ва автомобиль кимё маҳсулотларининг 80 дан ортиқ тури ишлаб чиқарилмоқда, – деди “BCG Group OZ” корхонаси директори Татьяна Рубцова. – Автокимё ва автокосметика, меҳмонхона, ресторан ва саноат учун профессионал клининг воситалари шулар жумласидан. – Корхонамиз 7 минг тоннадан ортиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқармоқда, жорий йил бу режани 11 минг тоннага етказишни мақсад қилганмиз. Ишлаб чиқариш қувватимиз максимал даражада оширилади.
Корхонамизда фаолият юритаётганларнинг барчаси Чирчиқ шаҳри фуқаролари, яъни ишлаб чиқариш жойимиз қаерда бўлса, ўша ердан ишчилар жалб қилганмиз. Малакали мутахассисга эҳтиёжимиз бор. Шу боис олий таълим муассасалари билан ҳам фаол ҳамкорлик қиламиз. Тадбиркорлигимиз учун Ўзбекистонда кенг шароит ва имкониятлар яратилган.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2 июнь куни кимё саноатини жадал ривожлантириш ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида иштирок этдим. Фаолиятимизга оид имкониятлардан мамнунмиз, йиғилишда соҳамизда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар юзасидан Президентга ўз таклиф-мулоҳазаларимни айтдим. Уларнинг ижобий ҳал этилиши бўйича масъулларга топшириқлар берилди. Бунинг учун Президентингизга миннатдорлик билдираман.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/GUEX2rX4D6s?si=Vyg1ubFk5CgSkUHU" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ,
Ёқубжон МЕЛИБОЕВ (+видео),
ЎзА