Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошида “Блогерлар кенгаши” ташкил этилди
Жорий йилнинг 3 июнь куни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан ўтказилган "Лойиҳалар куни" тақдимотида “Блогерлар кенгаши” тузиш лойиҳаси илгари сурилган эди. Унда журналистика соҳасини ривожлантириш, журналистлар ва контент яратувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда замонавий медиа муҳитида янги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган қатор лойиҳалар жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган эди.
Шу йилнинг 7 август куни бўлиб ўтган тадбирда Блогерлар кенгаши фаолиятига расман старт берилди.
Ўзбекистон журналистлари уюшмаси раиси, таниқли ижодкор Шуҳрат Ориф блогерлар анъанавий оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда жамоатчилик фикрини шакллантириш ва янгиликларни тезкор тарқатишда муҳим воситага айланганини таъкидлади.

Блогерлар кенгаши блогерларнинг касбий салоҳиятини ошириш, медиа этикаси тамойилларини кенг тарғиб этиш, медиа саводхонликни ривожлантириш, ёш блогерлар авлодини шакллантириш, иқтидорли контент яратувчиларни қўллаб-қувватлаш, улар учун танловлар, семинар ва тренинглар ташкил этиш, шунингдек, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда медиа вакиллари ўртасида самарали мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилади.

Тадбир доирасида блогерлар, медиа экспертлари, журналистлар ва соҳа мутахассислари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилиб, Кенгаш фаолиятининг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар томонидан Кенгаш фаолиятини такомиллаштириш, қўшма медиа лойиҳаларини амалга ошириш, медиа саводхонликни ривожлантириш ҳамда блогерларнинг касбий ривожланишига кўмаклашиш юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Мазкур ташаббус Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг замонавий медиа маконида масъулиятли контент яратиш, соҳа вакилларининг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳамда очиқ ва конструктив мулоқот майдонини шакллантиришга қаратилган изчил фаолиятининг мантиқий давоми ҳисобланади.
Н.Усмонова, ЎзА