Ўзбекистон - Жанубий Корея: стратегик ҳамкорлик янги босқичда
Маълумки, Жанубий Корея Ўзбекитоннинг энг муҳим ҳамкори, савдо шерикларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар сон ва сифат жиҳатидан янги босқичга чиқмоқда.
Бунинг амалий ифодаси сифатида юртимизнинг ушбу ўлка билан икки томонлама савдо ҳажми 2025 йилда 1.7 миллиард долларни ташкил этгани ва бу умумий ташқи савдо айланмасининг 2.1 фоиз улушига эга эканлигида ҳам кўриш мумкин. Бу кўрсаткич билан Корея Ўзбекистоннинг бешта энг йирик савдо ҳамкорларидан бири сифатида мустаҳкам ўрнини сақлаб турибди.
Яқинда Самарқанд шаҳрида Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши ўтказилди. Ушбу йиғин доирасида давлатимиз раҳбари Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхоль бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Учрашувда стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Ўзбекистон Президенти Жанубий Корея билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
ЎзА мухбири икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар хусусида ТДШУ Иқтисодиёт ва менежмент кафедраси ўқитувчиси Шоҳрух Мардонов фикрларини ёзиб олди.
- Республикамиз Марказий Осиё давлатлари орасида Жанубий Кореянинг муҳим савдо шеригидир. Мамлакатларимиз ўртасидаги савдо иқтисодий алоқалар йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Масалан, жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан 12 фоизга ўсди.
Диёримизда Жанубий Корея билан қўшма корхоналар сони мингтага етди, инвестицияларнинг ҳажми эса 8 млрд доллардан ошди. Жанубий Корея кимё, тўқимачилик, қишлоқ хўжжалиги, энергетика, кончилик, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида Кореа “Eximbank” молиялаштирган лойиҳалар орқали шу пайтгача юртимизга жами 2 миллиарддан ортиқ сармоя киритди. Кўп тармоқли клиника, кимё маркази ва фармацевтика парки қурилиши давом этмоқда. Шу кунларда Тошкент - Хива йўналишида биринчи “Hyundai Rotem” поезди қатнай бошлади.
Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги статистик кўрсакичлар нуқтаи назаридан сўнгги 5 йилда “ҳажм ўсиши” босқичидан “сифат ўзгариши” босқичига ўтганини алоҳида таъкидлаш лозим. Аввалги инфратузилма ва соғлиқни сақлаш лойиҳаларидан ҳозирги юқори технологиялар, ярим ўтказгичлар ва рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликка ўтиш - Ўзбекистоннинг стратегик режаларига тўлиқ мос эканлигини англатади.
Умуман олганда, Ватанимиз иқтисодий жиҳатдан янада ривожланиши учун Жанубий Корея билан ҳамкорлик муҳим омиллардан бири бўлиб қолади ва икки давлатнинг ўзаро савдо-иқтисодий алоқалари янада юқори босқичга чиқишда давом этади.
ЎзА мухбири Гўзал Сатторова ёзиб олди.