Ўзбекистон иқтисодиёти учун янги имконият: инвестиция, ислоҳот ва халқаро ишонч
Сўнгги йилларда Ўзбекистон жадал иқтисодий трансформация жараёнини бошдан кечирмоқда. Иқтисодиётни либераллаштириш, хусусий сектор улушини ошириш, давлат иштирокини қисқартириш ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш йўлида қабул қилинаётган қарорлар мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлигини сезиларли даражада оширди. Бугунги кунда халқаро ташкилотлар Ўзбекистонни фақат истиқболли бозор эмас, балки узоқ муддатли шерик сифатида баҳоламоқда.
Халқаро валюта жамғармаси 2026 йил июнь ойида эълон қилган IV-модда доирасидаги ҳисобот ҳам шу ишончни тасдиқлайди. Ҳужжатда мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор юқори ўсиш суръатини сақлаб қолаётгани, инфляциянинг босқичма-босқич пасайиши, бюджет ва ташқи мувозанат яхшиланаётгани, халқаро захира етарли даражадалиги қайд этилган. Шу билан бирга хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, давлат корхоналарини қайта шакллантириш ва бозор ислоҳотини тезлаштириш иқтисодий ўсишнинг асосий омили бўлиб қолиши таъкидланган.
Ўзбекистоннинг халқаро молиявий майдондаги нуфузини фақат ҳисоботлар белгиламайди. Республикамизда ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форуми бугун минтақадаги энг йирик платформалардан бирига айланди. Жорий йил анжуманда 102 давлатдан 10 000 га яқин вакил, 370 дан зиёд халқаро молия институти ва жамғармаси қатнашди. Якунда жами 43,1 миллиард долларлик келишувлар имзолангани юртимизга қизиқиш ортиб бораётганидан далолат.
Президент Шавкат Мирзиёев форумда сўзлаган нутқида ислоҳотлар орқага қайтмаслигини яна бир бор таъкидлади. Энг муҳим янгиликлардан бири сифатида Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилиши режаси маълум қилинди. Ушбу мажмуа инглиз ҳуқуқи тамойили асосида фаолият юритиши, капиталнинг эркин ҳаракати таъминланиши, рақамли ва "яшил" молия, инновацион сармоя учун янги ҳуқуқий муҳит яратилиши кўзда тутилган. Халқаро экспертлар фикрича, мазкур ташаббус Ўзбекистонни минтақавий молиявий марказга айлантиради.
Ислоҳотлар амалий натижаси халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда ҳам яққол кўринмоқда. Жаҳон банки, ХВЖ, Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби ҳамкорлар билан давлат бошқарувини такомиллаштириш, солиқ сиёсати, давлат корхоналарини хусусийлаштириш, банк тизимини ислоҳ қилиш ва рақобат муҳитини кучайтиришга қаратилган дастурлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Айни жараён инвестиция муҳитини халқаро стандартга яқинлаштиради.
Энг муҳими, халқаро ташкилотлар бугун диёримизга шунчаки кредит ёки грант ажратаётгани йўқ, балки мамлакатда амалга оширилаётган институционал ислоҳот самарадорлигини эътироф этиб, хусусий сармоя оқимини тезлаштиришга ҳам ҳисса қўшмоқда. Бу эса янги иш ўринлари яратилиши, юқори технологияли ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти ортиши, иқтисодиёт янада рақобатбардош тус олиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Сармоя жалб қилиш ҳар қандай давлат учун муҳим. Ҳақиқий қиймат маблағ миқдорида эмас, балки иқтисодиёт ўзгаришида намоён. Шу нуқтаи назардан ўлкамизда амалга оширилаётган лойиҳалар айнан юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқариш, рақамли технология, қайта тикланувчи энергетика, транспорт-логистика ва саноат инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилаётгани эътиборли. Бошқача айтганда, мамлакатимиз иқтисодиёти хом ашёга қарамликдан замонавий саноат иқтисодиётига муваффақиятли ўтяпти.
ТХИФ-2026 давомида эришилган келишувларнинг аксари энергетика, кимё саноати, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, рақамли инфратузилма, транспорт ва шаҳарсозлик соҳаларига тўғри келди. Шунингдек, хорижий инвесторлар иштирокида "яшил" энергетика, қуёш ва шамол электр станциялари, қувват тежовчи технология ҳамда замонавий ишлаб чиқариш қувватини яратиш бўйича йирик лойиҳаларга старт берилди. Бундай ташаббуслар мамлакатимиз энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаши, экспорт салоҳиятини ошириши кутиляпти.
Давлат раҳбари томонидан хусусий сектор улушини ошириш ва давлат иштирокини камайтириш бўйича белгиланган вазифалар ҳам инвесторлар учун муҳим сигналдир. Хусусан, давлат корхоналарини хусусийлаштириш, капитал бозорини ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик механизмини кенгайтириш ҳамда бизнес учун тенг рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар халқаро молия институтлари томонидан ижобий баҳоланмоқда. Мазкур ислоҳотлар иқтисодиётда давлат эмас, хусусий ташаббус асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланишини англатади.
Халқаро рейтинг агентликлари ва молия институтлари баҳоси ҳам жараён самарасини тасдиқламоқда. ХВЖ Ўзбекистонда давлат қарзи назорат остидалиги, инфляцияни пасайтириш бўйича олиб борилаётган сиёсат натижа бераётганини таъкидлади. ЖБ эса мамлакатда хусусий сармояни қўллаб-қувватлаш, бизнес муҳитини яхшилаш ва рақобатни кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар узоқ муддатли иқтисодий ўсиш учун муҳим пойдевор эканини қайд этган.
Шу билан бирга иқтисодчилар бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратмоқда: келишув имзоланиши бу ҳали натижа дегани эмас. Энг муҳим вазифа – сармоя муваффақиятли ўзлаштирилиши, лойиҳа ишга тушиши ва жараён аҳоли ҳаётига аниқ ижобий таъсир кўрсатишидир. Янги завод ва логистика марказлари барпо этилиши, рақамли хизмат йўлга қўйилиши, энергетика мажмуалари ишга туширилиши орқали минглаб янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий корхоналар учун янги бозорлар очиш ҳамда замонавий технология олиб кириш лозим.
Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон халқаро сармоядорлар учун ишончли ҳамкор сифатида шаклланмоқда. Бу ишонч тасодиф эмас – иқтисодий барқарорлик, очиқлик сиёсати, қонунчилик такомиллашиши ва изчил ислоҳот натижасидир. Олдинда энг муҳим босқич: жалб этилган сармояни аниқ натижага – юқори даромадли иш ўрни, рақобатбардош маҳсулот ва аҳоли фаровонлиги юксалишига айлантириш. Шундагина рақамлар оддий статистика эмас, балки мамлакат тараққиётининг асл кўрсаткичига айланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА