
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги учун Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиш прогнозини тақдим этди.
Унда қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон иқтисодиёти доимий ташқи хавф-хатарлар фонида барқарор ва мувозанатли ўсишни намойиш этмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январь-март ойларида мамлакат ЯИМ 6,8 фоизга ўсди. Асосий ривожланиш драйверлари сифатида хизматлар соҳаси, саноат ва қурилиш саноати қайд этилди.
Бозор хизматлари ишлаб чиқариш 12,6 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 10,8 фоизга, чакана савдо айланмаси 9,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,5 фоизга ошди, аҳолининг умумий даромадлари эса 9,8 фоизга ўсди.

Январь-апрель ойларида ташқи иқтисодий фаолликда ҳам ўсиш кузатилди. Яъни, ташқи савдо айланмаси 24,6 млрд. долларга етди (ўсиш 16,3 фоиз), экспорт ҳажми эса 35,1 фоизга ўсди ва 11,9 миллиард долларни ташкил этди, импорт эса 2,9 фоизга ўсди. Ташқи савдо балансининг манфий салдоси – 846 млн. долларгача қисқарди (ўтган йилнинг шу даврида – 3,6 млрд. доллар эди).
Жорий йилнинг апрель ойида Марказ томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) 1099 бирликни ташкил этди. Бу март ойига нисбатан 9,9 фоизга ҳамда 2024 йилнинг апрель ойига нисбатан 22,3 фоизга сезиларли ошган.
Жорий макроиқтисодий кўрсаткичлар, юқори инвестицион ва ташқи савдо фаоллигини ҳисобга олган ҳолда, Марказ жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунида Ўзбекистонда ЯИМ ўсишини 6,7 фоиз даражасида прогноз қилмоқда. Иқтисодий ўсишнинг прогноз қилинган диапазони 6,5 фоиздан 6,8 фоизгача.
Апрель ойида янгиланган маълумотларга кўра, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистоннинг 2025 йилда ЯИМ ўсишини 6,6 фоиз даражасида прогноз қилмоқда, саноат ва хизматлар ҳиссасини қайд этмоқда. Халқаро валюта жамғармаси реал даромадлар ва ички талабнинг ўсишини таъкидлаб, ўз прогнозини 5,9 фоизга оширди. Жаҳон банки шунингдек, истеъмол талаби, пул ўтказмалари ва инвестиция фаоллигига эътибор қаратган ҳолда ўсишни 5,9 фоизда кутмоқда.
Шундай қилиб, асосий иқтисодий кўрсаткичларнинг ҳафталик мониторингига асосланган Марказ прогнози иқтисодиётга таъсир қилувчи ички ва ташқи омилларни ҳисобга олади. Бу ҳар чораклик расмий маълумотлар эълон қилинишидан олдин ЯИМ динамикасини эрта баҳолаш ва иқтисодий муҳитдаги ўзгаришларга тезкор муносабат билдириш имконини беради.
Маълумот учун, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг жорий даражаси прогнози илғор таҳлил усуллари ва халқаро тажрибани ўрганишга асосланган. Марказ иқтисодий кўрсаткичларни прогноз қилиш учун иқтисодиётдаги ўзгаришларга тез жавоб бериш ва келажакдаги тенденцияларни башорат қилиш имконини берувчи кенг қамровли маълумотларни таҳлил қилишга асосланган ноукастинг усулидан фойдаланади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА