Ўзбекистон илк бор ташкил этилган ОФК Элит ҳакамлари семинари ўз якунига етди
Миллий футбол марказида ўтказилган тадбирда ОФКга аъзо давлатлардан ташриф буюрган 92 нафар ҳакам ва инструктор иштирок этди.
Беш кунлик семинар давомида мутахассислар назарий ва амалий машғулотларда қатнашиб, ҳакамликнинг долзарб масалалари бўйича билим ҳамда тажрибаларини бойитдилар. Хусусан, турли ўйин вазиятларини таҳлил қилиш, ҳакамларнинг майдонда тўғри ҳаракатланиши, жамоавий ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш ҳамда VAR тизими билан боғлиқ мураккаб ҳолатларни баҳолашга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, машғулотлар жараёнида халқаро тажриба алмашинуви ташкил этилиб, замонавий футболда ҳакамликка қўйилаётган талаблар муҳокама қилинди.
Қайд этиш жоизки, мазкур семинарнинг Ўзбекистонда илк бор ўтказилиши мамлакатимизда футбол ҳакамлигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилаётганидан далолат беради.
Беш кунлик тадбир якунида иштирокчилар замонавий ҳакамлик стандартлари бўйича янги билим ва кўникмаларга эга бўлиб, халқаро майдондаги фаолиятлари учун зарур тажрибани янада оширдилар.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА