Ўзбекистон ҳукумати делегацияси БААда
Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги “WАМ” хабар беришича, ҳукуматимиз делегацияси БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги изчил ҳамкорлик самараси ўлароқ амалга оширилаётган “Молиявий етакчилик” дастури доирасида молия, банк ва инвестиция соҳаларида тажриба алмашиш мақсадида ушбу араб давлатида бўлди.
БАА Молия вазирлигида ўтган учрашув чоғида вазир муовини Юнис Ҳожи Ал-Ҳурий ўзаро яқин муносабатлар аҳамиятини таъкидлаб, бу галги ташриф ҳам ҳар икки томон манфаатига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ўзбекистон делегацияси барқарор, истиқболли молиявий сиёсат орқали молиявий ресурсларни бошқариш ва ривожлантириш стратегияси, умумий бюджетни тайёрлаш, йўналтириш ва мониторинг қилиш тизими билан танишди. Даромадни тахмин қилиш ва умумлаштириш билан боғлиқ замонавий услублар ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, молиявий тартиб-қоидани қўллаб-қувватловчи, аниқ маълумотларни тўплаб, тақдим этувчи, кенг қамровли статистика юритувчи сўнгги технологик ишланмаларга асосланган рақамли ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА