English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Хитой: стратегик шериклик ва инвестициявий ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

ХХР тақвимига кўра, Янги йил байрами 22 январдан бошланади. Хитойда Янги йилни “баҳор байрами”, деб аташади. Бу айёмнинг тарихи тўрт минг йилдан ортиқ.

Пойтахтимизда ушбу байрам муносабати билан Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан тадбир ташкил этилди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва элчихона ходимлари иштирок этган йиғинда Хитойнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь нутқ сўзлаб, йиғилганларни байрам билан табриклади. 

Маълумки, Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги икки давлатнинг умумий манфаатларига хизмат қилмоқда. Анжуманда мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар юқори босқичда эканлиги таъкидланди. Халқаро ва минтақавий вазиятдаги ўзгаришлардан қатъи назар, Хитой ва Ўзбекистон доимо умумий ривожланишга интиладиган ва бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган ишончли шериклар бўлиб қолмоқда.

Жорий йилда ҳам икки ўлка ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликнинг барқарор ва узоқ муддатли ривожланишини илгари суриш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. 

Эътироф этиш керак, Хитой Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори ва етакчи инвестори сифатидаги ўрнини йилдан йилга мустаҳкамлаб бормоқда. Ўз навбатида, Тошкент Пекинни миллий иқтисодиётни модернизация қилиш, инфратузилма ва саноат салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек технологияни янгилаш каби йўналишлардаги энг муҳим ҳамкор сифатида билади.

Олиб борилган саъй-ҳаракатлар самарасида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий, савдо ва инвестиция ҳамкорлиги жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Ўзаро савдо ҳажми ҳам изчил ортмоқда. Хусусан, 2025 йил январь-ноябрь ойларида ўзаро товар айланмаси 14,6 миллиард долларга етди. ХХР компанияларининг юртимиздаги лойиҳаларга қизиқиши тобора ортмоқда. 2017-2024 йиллар мобайнида иқтисодиётимизга жалб этилган Чин инвестициясининг умумий қиймати 24,6 миллиард долларни ташкил этди. 2025 йил охирига келиб, Хитойдан киритилган тўғридан-тўғри инвестиция қарийб 15 миллиард  долларга етди. Қўшма лойиҳалар жами портфели қарийб 90 миллиард доллар ёки иқтисодиётимизга киритилган хорижий сармоянинг тахминан учдан бир қисмини ташкил этмоқда. Диёримизда фаолият юритаётган Хитой капитали иштирокидаги компаниялар сони 5044 та. 

[gallery-27528]

– Бу йил муваффақият ва олдинга силжишни ифодаловчи От йили ҳисобланади, - дейди элчи Юй Цзюнь. - Хитойликлар кўпинча “От келди, ғалаба қўлга киритилди” дейишади. Барчангизга янги йилда сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва улкан ютуқлар тилайман! Жорий йилда ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланиб, икки халқ манфаатларига хизмат қиладиган кўплаб шериклик лойиҳалари, инвестициявий ҳамкорликлар давом этади. Бу ўз навбатида, мамлакатларимизнинг иқтисодий, ижтимоий ривожланишига хизмат қилади. 

Гўзал Сатторова,

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА