Ўзбекистон – Хитой: ҳамкорликнинг янги уфқи
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабат тарихида янги саҳифа очди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Хитой муносабати янги босқичга чиқди. Бу ҳолат энг аввало иқтисодий соҳада яққол кўзга ташланади. Хусусан, 2023 йил Ўзбекистонда Хитой капитали асосида 600 та корхона ишга туширилган бўлса, икки томонлама товар айланмаси 50 фоиз ошиб 13 миллиард 722 миллион долларни ташкил этди. Мамлакатимиз ташқи савдосида Хитойнинг улуши 21,9 фоизга етди.
Ҳозир юртимизда Хитой капитали асосида 2400 дан зиёд корхона фаолият юритяпти. Бу рақам мунтазам ўсмоқда. 2023 йил 19 май куни давлатимиз раҳбарининг Сиан шаҳрига амалий ташрифи доирасида қиймати 3,3 миллиард доллар қийматдаги 15 та лойиҳа ишга туширилди. 2024 йил 25 январь куни Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Хитой инвестиция форумида 600 дан кўп йирик бизнес вакиллари иштирок этди. Юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқарувчи компаниялар, йирик банклар ҳам қатнашган анжуманда электротехника, машинасозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим, транспорт ва логистика соҳаларида лойиҳалар амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.
Ўзбекистон етакчиси ташриф давомида ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян, Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзинь Лицюнь, CITIC корпорацияси раҳбари Си Гохуа билан учрашувлар ўтказди. Мулоқотлар давомида транспорт-логистика, энергетика, аграр, инвестиция соҳалари бўйича музокаралар кечди. Жумладан, ОИИБ раҳбари билан учрашувда энергетика, сув таъминоти, автомобиль ва темир йўлларни реконструкция қилиш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича муҳим лойиҳалар муҳокама қилинди, банк бошқарувчилари кенгашининг 2024 йил сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлажак йиллик йиғилишига тайёргарлик кўриш ва мазкур анжуманни юқори савияда ўтказишнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этган икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросимида давлатлар ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, техник-иқтисодий ҳамкорлик, инсон ресурсларини ривожлантириш, таълим ва илмий-тадқиқот, транспорт каби соҳалар бўйича келишувлар имзоланди.
“Хитой – Қирғистон – Ўзбекистон” транспорт йўлаги ишга тушиши, Ўзбекистоннинг “Бир макон, бир йўл” лойиҳасида иштирок этиши, шубҳасиз, мамлакатимиз иқтисодиётига катта фойда келтиради. Хусусан, Ўзбекистон учун транзит ҳақи таъминланади, кейинчалик бошқа давлатларга маҳсулотлар экспорт қилиш учун қуриладиган корхоналарда янги иш ўринлари яратилиши баробарида давлат бюджетига тушум сезиларли даражада кўпаяди.
Умуман, давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи ҳар икки томон учун жуда муҳим бўлиб, ўзаро муносабатлар ривожига муносиб ҳисса қўшади.
Ҳикматилла Казакбаев,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
Хитой тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти кафедраси мудири