Ўзбекистон глобал сув хавфсизлиги ташаббусига қўшилди
Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди. Унда маълум қилинишича, Вашингтон шаҳрида ташкил этилган Жаҳон банки гуруҳи ва Халқаро валюта жамғармасининг баҳорги йиғилишлари доирасида “Water Forward” глобал ташаббуси расман ишга туширилди. Ушбу ташаббус 2030 йилга қадар 1 миллиард аҳоли учун сув хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилган бўлиб, унга Ўзбекистон ҳам қўшилди.
Мазкур тадбирда Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, халқаро молия институтлари раҳбарлари ҳамда турли давлатлар вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирок этди.
Дунё миқёсида катта аҳамиятга эга бўлган “Water Forward” ташаббуси сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув инфратузилмасини модернизация қилиш, қурғоқчилик ва сув тошқинлари хавфига чидамлиликни ошириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Шу билан бирга, у озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантиришда ҳам муҳим омил сифатида қаралади.
Ташаббус доирасида иштирокчи давлатлар сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, соҳадаги институтлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун халқаро молия институтлари, ҳукуматлар ва хусусий сектор билан кенг кўламли ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлади.
Лойиҳанинг асосий воситаларидан бири сифатида миллий сув пактлари ишлаб чиқилади. Мазкур пактлар орқали ҳар бир мамлакат сув соҳасидаги устувор вазифаларни белгилаб, уларни амалга ошириш учун зарур молиявий ва институционал ресурсларни жалб этади.
Тадбирда 14 та давлатдан иборат биринчи гуруҳнинг “Water Forward” ташаббусига қўшилгани эълон қилинди. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Мамлакат Жаҳон банки гуруҳи билан ҳамкорликда миллий сув пактини ишлаб чиққан.
Ушбу ҳужжат “Ўзбекистон-2030” стратегияси мақсадларига тўлиқ мос бўлиб, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, ирригация тизимидаги йўқотишларни камайтириш, аҳолини тоза ичимлик суви ва санитария хизматлари билан қамраб олиш ҳамда сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштиришни назарда тутади.
Хусусан, 2030 йилга қадар камида 3,8 миллион аҳоли учун сув хавфсизлигини таъминлаш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, сув йўқотишларини 25 фоизга қисқартириш ва соҳага йирик инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА