2026 йил 9-12 февраль кунлари Бирлашган Араб Амирликлари Дубай шаҳрида соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик халқаро кўргазмалардан бири –“World Health Expo”– “WHX Dubai-2026” бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир 70 га яқин давлатдан бир неча минг фармацевтика ва тиббиёт компанияларини бирлаштириб, инновацион ечимлар тақдим этиш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва тиббий технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун самарали майдонга айланди.
Форумда Ўзбекистондан 300 га яқин вакил фаол иштирок этиб, экспорт имкониятини кенгайтириш, янги ҳамкорлар топиш ва жаҳон бозори тенденцияларини ўрганиш имконига эга бўлдилар.
Хусусан, мамлакатимиздаги етакчи дистрибьюторлардан бири – «Synergy Pharmco» компанияси делегацияси таркибидан Бизнесни ривожлантириш бўйича директор Инна Астошонак, Жамоатчилик билан алоқалар бўйича директор Зулфия Тўраназарова, тиббиёт директори Рустам Агишев ва ташқи иқтисодий фаолият бўйича менежер Комила Қурбонова ўрин олди. Мутахассисларимизнинг анжумандаги фаоллиги компания, қолаверса мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ўзига хос ва стратегик ёндашувини намоён этди.

Кўргазманинг ишбилармонлик дастури доирасида “Synergy Pharmco” вакиллари халқаро шериклар билан қатор стратегик учрашувлар, музокаралар ўтказди. Масалан, Амирликларнинг етакчи маслаҳат компанияси – “ALMATARI Enterprises LLC” асосчиси ва бош директори Юсуф Солиҳ билан мулоқот давомида ўзаро узоқ муддатли ҳамкорлик истиқболи, БАА фармакология бозорини таҳлил қилиш ва ўрганиш, маҳсулотларни хориж бозорига олиб чиқиш билан боғлиқ доимий талабларни мувофиқлаштириш, маҳсулотларни биргаликда илгари суриш ва локализация қилиш имконияти муҳокама қилинди. Шунингдек, сертификация жараёни, маркетинг стратегияси, дистрибуция тармоғини шакллантириш ва Яқин Шарқ минтақасида B2B форматидаги шерикликни ривожлантириш масалалари ҳам кўтарилди.

“Synergy Pharmco” Италия, Испания, Хорватия, Польша, Озарбайжон, Туркия ва бошқа давлатлардаги етакчи ишлаб чиқариш майдонлари билан ҳамкорлик қилувчи дистрибьютор ҳисобланади. Мазкур корхонада махсус бренд остидаги биологик фаол қўшимчалар халқаро сифат стандартига мос ишлаб чиқарилади.
Шу билан бирга, компания минтақавий фаолиятни ҳам тизимли ривожлантирмоқда. Айниқса, Тожикистон ва Қозоғистондаги ваколатхоналар Марказий Осиё бозорида барқарор трансмиллий дистрибуция моделини шакллантириш орқали мамлакатимиз позицияларини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда.

Жумладан, “World Health Expo-2026” кўргазмасидаги иштирок ҳам компаниянинг халқаро ривожланиш стратегиясида муҳим босқич бўлиб, умумий экспорт салоҳиятини юзага чиқариш, қолаверса Ўзбекистоннинг глобал фармацевтика бозоридаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ғ.Хонназаров, ЎзА