Ўзбекистон –Германия: Юристлар малакаси оширилмоқда
Шу кунларда Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти профессори в.б.Хайриддин Файзиев бошчилигидаги делегация аъзолари Германия Федератив Республикасининг Людвигсбург шаҳридаги Оммавий бошқарув ва молия олий мактабида ўқув-методик ва илмий стажировка ўтамоқда.
Стажировканинг дастлабки кунларида Олий мактаб профессори Гералд Зандер билан учрашув ўтказилиб, стажировканинг мақсад ва вазифалари, тайёрланаётган “Тиббиёт ва саломатлик ҳуқуқи” дарслигини такомиллаштириш ҳамда замонавий таълим методларини ўқув жараёнига жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, “Архив иши” йўналиши магистратура талабалари учун ташкил этилган машғулотларда иштирок этилиб, Ўзбекистон тажрибаси юзасидан фикр алмашилди ҳамда дарс жараёнида қўлланилаётган илғор педагогик технологиялар ўрганилди.

Стажировка доирасида делегация аъзолари Давлат архивига ташриф буюриб, архив ишини ташкил этиш, рақамлаштириш жараёнлари ва замонавий ахборот технологияларини қўллаш амалиёти билан яқиндан танишди. Давлат архиви раҳбари Питер Рукерт билан учрашув давомида архив соҳаси бўйича илмий ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Людвигсбург шаҳридаги Олий мактаб кутубхонасида илмий-амалий адабиётлар ва ахборот-ресурслар ўрганилиб, илмий тадқиқотлар учун зарур материаллар жамланди.
Г.Бобоева,
ЎзА