Ўзбекистон – Германия: тиббиёт соҳасида ҳамкорлик
Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази оториноларингология бўлимига хорижлик “HNO klinik Minester” клиникаси мутахассислари тиббиёт фанлар доктори профессорлар Томас ва Рут Оверлаклар тажриба алмашиш мақсадида келди.
Хорижлик шифокорлар Германия Федератив Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик доирасида Бухоро тиббиёт институти лойиҳасига асосан марказда оториноларингология йўналишида амалиётга татбиқ этилаётган инновацион технологиялар, илғор диагностика, муолажа усуллари ҳамда реабилитация соҳасига доир замонавий ёндашувлар хусусида ўзаро фикр ва тажриба алмашди.


Шунингдек, қулоқ, томоқ, бурун касалликларга чалинган беморларга шошилинч ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш, болаларда эшитишдаги муаммоларни эрта аниқлаш ҳамда самарали даволаш борасидаги янгиликлар ҳам муҳокамалар марказида бўлди. Оториноларингология соҳасида олиб борилаётган изланишлар, янги даволаш ва диагностика усуллари, инновацион технологияларни ўзлаштириш учун давлат томонидан яратилиб берилаётган имкониятлар, марказга ташриф буюрган етакчи шифокорлар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Зариф Комилов,
ЎзА