Ўзбекистон-Германия: пойтахтимизда замонавий когенерация қурилмалари барпо этилади
Тошкент шаҳрининг энергия инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳоли ва саноат корхоналарини электр ҳамда иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.
Шу муносабат билан “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ, Германиянинг “DZ BANK AG Deutsche Zentral-Genossenschaftsbank” молия институти ҳамда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ ўртасида уч томонлама меморандум имзоланди.
Меморандумга мувофиқ, пойтахтдаги 1-сон ва 3-сон иссиқлик марказларида замонавий когенерация қурилмалари барпо этилади. Ҳар бир қурилманинг ишлаб чиқариш қуввати 20 МВт электр энергияси ва соатига 18,5 Гкал иссиқлик энергиясини ташкил этади.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида электр ва иссиқлик энергиясини бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқариш самарадорлиги сезиларли даражада ошади. Шунингдек, табиий газ сарфи қисқаради, энергия ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш имконияти яратилади.
Бу эса истеъмолчиларни энергия билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш, айниқса куз-қиш мавсумида тизим барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Янги когенерация технологиялари атроф-муҳитга чиқариладиган зарарли чиқиндиларни ҳам камайтиришга ёрдам беради.
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ ахборот хизматига кўра, “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ томонидан энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва энергия самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Мазкур лойиҳа ушбу йўналишдаги навбатдаги муҳим қадамлардан бири бўлиб, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА