Ўзбекистон-Германия: Мевали экинлар генетикаси бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Пойтахтимизда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти ва Германиянинг нуфузли "Julius Kühn-Institut" илмий муассасаси ходимлари учрашуви бўлиб ўтди.
Меҳмонлар аввало тизим фаолияти билан танишди. Уларда институт Миллий генбанкида сақланаётган уруғлар ва Дала генбанкида тирик ҳолда сақланаётган ноёб мева-резавор ва узум генетик ресурсларнинг хилма-хиллиги катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, учрашув давомида томонлар мевали экинлар генетик ресурсларини сақлаш ва ўрганиш, олма селекцияси ва молекуляр-генетик тадқиқотлар, қўшма илмий лойиҳалар ишлаб чиқиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида ушбу йўналишларда ҳамкорлик қилиш ва истиқболдаги илмий лойиҳалар устида биргаликда ишлаш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, ташриф доирасида меҳмонлар академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтига ташриф буюриб, унинг илмий фаолияти билан ҳам танишди.
Учрашув давомида институтнинг замонавий лаборатория базаси, хусусан, ўсимликлар селекцияси йўналишида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Генетик ресурсларни сақлаш, уларни самарали кўпайтириш ҳамда юқори ҳосилдор ва истиқболли навларни яратишга қаратилган илмий ишланмалар алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, мева ва узум маҳсулотларини қайта ишлаш асосида табиий вино ва сирка ишлаб чиқариш технологиялари юқори баҳоланиб, ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди. Бундан ташқари, институтда кўчат етиштириш жараёни намойиш этилиб, янги селексия навлари ва уларни парваришлаш бўйича фикр алмашилди.

Учрашув якунида биологик хилма-хилликни асраш, қишлоқ хўжалиги экинларининг ёввойи турларини биргаликда ўрганиш ҳамда илмий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган истиқболли режалар белгилаб олинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА