Ўзбекистон – Германия ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
“BMB HOLDING” Бош офисида Германия Федератив Республикасининг 1876 йилда ташкил топган глобал миқёсда саноат жиҳозларини ишлаб чиқарувчи “AMANDUS KAHL HAMBURG” компанияси ва инновацион саноат ечимларини тақдим этувчи “JET TEAM” консалтинг компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида меҳмонларга холдинг таркибидаги корхоналар ва уларнинг имкониятлари ҳамда маҳсулотлар ассортименти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Шунингдек, жорий йил февраль ойи охири ва март ойи бошларида “AMANDUS KAHL HAMBURG” компанияси мутахассислари холдинг таркибидаги, жумладан, Жиззах вилояти ҳудудидаги корхоналарга келиб, уларнинг фаолияти ва иш жараёнлари билан танишган ҳамда сублимация, шок ва акустик музлатиш жараёнлари бўйича концептуал ечимлар бериш бўйича келишувга эришилганди.

Маълумот ўрнида: шок-музлатиш технологиясида маҳсулотнинг музи эриганидан кейин ҳам ўз шаклини сақлаб қолади. Меваларни 10-20 ой давомида паст ҳароратда (–18 –20 даражада) сақлаган тақдирда ҳам резавор мевалар сархиллиги ва ҳўл мевалар шакли ўз ҳолатида қолади.

Сублимация технологиясида эса мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари вакуум остида, паст ҳароратда совитилиб, қуритилади. Натижада маҳсулотнинг мазаси ва фойдали элементлари бошқа қуритиш технологияларига қараганда юқори даражада сақлаб қолинади.

Шу боисдан ҳам жаҳон бозорида шок-музлатиш ва сублимация усулида тайёрланган маҳсулотларга талаб юқори.
Ҳар томонлама фойдали бўлган учрашувда “AMANDUS KAHL HAMBURG” компанияси саноат ускуналари ва жараёнларини ташкил этишга ихтисослаштирилган ўқув марказида “BMB HOLDING” таркибидаги корхоналар технологларини маҳсулотларни қайта ишлаш ва чуқур қайта ишлаш бўйича малакасини оширишга таклиф этди.

Учрашув сўнггида ушбу немис компанияси билан ҳамкорликда холдинг таркибидаги корхоналар томонидан етиштириладиган маҳсулотларни Европа иттифоқи мамлакатларига экспорт қилишда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири