“Ўзбекистон - Франция” парламентлараро форуми ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиради
Олий Мажлис Сенатига “Ўзбекистон - Франция” биринчи парламентлараро форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган сенатор Валери Бойе бошчилигидаги Франция Сенати делегацияси ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда олий даражадаги конструктив мулоқот туфайли Ўзбекистон - Франция муносабатлари жадал ривожланиб, стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди. Франция Ўзбекистоннинг ишончли ва узоқ муддатли ҳамкори экани қайд этилди.

Савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликнинг ижобий натижалари муҳокама қилинди.
Аграр ва сув хўжалиги, энергетика, саноат, озиқ-овқат, транспорт, логистика йўналишларидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилиб, халқаро майдондаги ташаббуслар ўзаро қўллаб-қувватланиши таъкидланди.

Икки давлат ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашнинг муҳим элементи сифатида парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бу борада тегишли қўмиталар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш зарур.
“Ўзбекистон - Франция” биринчи парламентлараро форумининг ўтказилиши икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиради. Икки томонлама ва минтақалараро кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқишнинг таъсирчан механизмига айланади.
Учрашув якунида томонлар парламентлараро мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА