Ўзбекистон Euronews нигоҳида: Буюк ипак йўли меросидан - замонавий туризм жозибасигача
Дунёнинг етакчи халқаро медиа платформаларидан бири — Euronews Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий анъаналари ва замонавий туристик имкониятларини халқаро аудиторияга тақдим этди. Телеканалнинг Euronews Travel лойиҳасидаги “Grand Voyager” туркуми доирасида эълон қилинган видеолавҳада хорижлик томошабинлар Тошкент ва Самарқанд бўйлаб саёҳатга чорланади.
Туризм қўмитаси матбуот хизматига кўра, саёҳат пойтахтимиздан бошланиб, томошабинларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Тошкент метрополитенининг бетакрор меъморий бекатлари ҳамда Палов музейи билан таништиради. Ушбу манзиллар орқали мамлакатимизнинг бой тарихи, ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ва миллий гастрономик анъаналари намойиш этилади.

Саёҳатнинг навбатдаги манзили — Буюк ипак йўлининг муҳим тарихий марказларидан бири бўлган Самарқанд. Видеолавҳада Регистон майдони ва Шоҳи Зинда мажмуасининг маҳобатли меъморчилиги, бетакрор кошинкорлик санъати ҳамда асрлар давомида сақланиб келаётган тарихий мерос алоҳида ўрин олган. Шунингдек, Сиёб бозори, миллий ширинликлар ва маҳаллий таомлар, қадимий қоғоз ишлаб чиқариш устахонаси ҳамда анъанавий новвойчилик жараёнлари орқали Ўзбекистоннинг кундалик ҳаёти, меҳмондўстлиги ва ўзига хос маданий муҳити очиб берилади.
Лилли Доус муаллифлиги ва бошловчилигидаги ушбу саёҳат Ўзбекистонни тарихий обидалар, асрий анъаналар, бетакрор гастрономия, ҳунармандчилик ва бой маданий тажрибаларни ўзида мужассам этган жозибадор туристик йўналиш сифатида намоён этади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Euronews халқаро медиа платформаси дунёнинг 166 та мамлакатида фаолият юритади. Телеканални 430 миллиондан ортиқ хонадонда томоша қилиш имконияти мавжуд. 2025 йил якунларига кўра, унинг ўртача ойлик телевизион аудиторияси 150 миллион кишини, рақамли платформалардаги жами видеокўришлар сони эса 1,83 миллиардни ташкил этган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА