Ўзбекистонда минерал ресурслардан самарали фойдаланиш, тоғ-кон саноатини ривожлантириш ҳамда соҳага инвестициялар жалб этишда халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳамкорлик эса бу жараёнда стратегик ўрин тутади.
Шу доирада, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигида ЕТТБ делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Томонлар ўзаро амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, “Ер қаъри тўғрисида”ги қонунга доир қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича фикр алмашдилар.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистондаги йирик корхоналар билан ҳамкорликни кенгайтириш, маҳаллий маҳсулотларни Европа бозорларига чиқариш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида “Саноат учун муҳим минераллар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат икки томонлама ишончни мустаҳкамлаш билан бирга, соҳадаги устувор лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА