Ўзбекистон – Эрон: истиқболли ҳамкорлик самараси
Бухоро туманидаги “Ғиждувон эркин иқтисодий зонаси”нинг Тўдакўл массивида “PETROCHEM SEPEHR BUKHARA” Ўзбекистон-Эрон қўшма корхонаси ташкил этилмоқда. Лойиҳа қиймати 274 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур корхона 2026 йилда тўлиқ ишга тушади.
Лойиҳа асосида йилига 240 миллион АҚШ долларлик нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Шундан 82 миллион долларга тенг маҳсулот экспортга йўналтирилади. 123 миллион долларлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. 600 киши иш билан таъминланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, лойиҳадаги технологияларнинг аналоглари Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларида мавжуд. Улардан фарқли равишда ишлаб чиқариладиган енгил нафта-эритгичлар ишлаб чиқариш лойиҳасига йўналтирилади. Натижада ишлаб чиқарилган автобензин таркибида бензол миқдори 1 фоиздан ошмаслигига эришилади. Автобензин “ЕВРО-5” стандарти талабига жавоб беради.


Масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “PETROCHEM SEPEHR BUKHARA” Ўзбекистон – Эрон қўшма корхонасининг биринчи босқичи жорий йилнинг якунига қадар фойдаланишга топширилади.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири.