Ўзбекистон-Эрон: Бухорода бизнес форум
Бухорода Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатимизнинг Теҳрондаги элчихонаси, Савдо-саноат палатаси, Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳамда Эрон томони ҳамкорлигида Ўзбекистон – Эрон бизнес-форуми ўтказилди.
Форум очилишида Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов ва Эроннинг Разавий Хуросон вилоят губернатори Ғуломҳусайн Музаффарий сўзга чиқиб, мазкур тадбирнинг аҳамияти ва ундан кутилаётган натижаларга тўхталди.

Вилоят тадбиркорлари ва Эрон Ислом Республикаси компаниялари ҳамкорлигида ҳозирда 12 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга, Эрон Ислом Республикаси Бухоро вилояти билан ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган 7 та давлатлардан биридир.

Тадбирда саноат, туризм, инновация, қишлоқ ва сув хўжалиги, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, дори-дармон ва фармацевтика, тўқимачилик, логистика ва муҳандислик соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди. Шунингдек, инвестицияларни жалб қилишнинг энг истиқболли йўналишлари ҳамда устувор тармоқларда Бухоронинг инвестициявий салоҳияти ва тайёр лойиҳа таклифлари тўғрисида тақдимотлар ўтказилди.

Ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, инвестицияларни фаол жалб қилиш бўйича икки вилоят раҳбарлари ўртасида келишувлар имзоланди. Савдо-саноат палаталари ўртасида тенг манфаатли ҳамкорлик юзасидан келишиб олинди. Эрон бизнес доиралари вакиллари ва Бухоро вилояти ишбилармонлари ўртасида “В2В” форматдаги музокаралар ҳам бўлиб ўтди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири