Тошкент сингари сейсмик хавф юқори бўлган шаҳарларда ер ости иншоотлари қанчалик самарали ва хавфсиз?

Бугунги кунда ер остида қурилиш ишларига қизиқиш бутун дунёда ортиб бормоқда. Сабаби шаҳарлар тобора зичлашаётган бир пайтда ер остидаги имкониятларга янги ечим сифатида қаралмоқда.

Хўш, Ўзбекистон ҳам ер остида қурилишни йўлга қўя оладими? Мавзунинг долзарблигини ҳисобга олиб соҳада кўп йиллик тажрибага эга бўлган олим, Фанлар академияси Муҳаммад  Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти директори, физика-математика фанлари  доктори, профессор Карим Султонов билан суҳбатлашдик.

– Ер ости биноларини қуришда сейсмик омил ер усти биноларига нисбатан қай даражада аҳамиятли? 

– Дунё амалиётига назар ташласак, ер остидаги иншоотлар – автомобиль тураргоҳлари, савдо марказлари, омборлар қурилиши жуда кенг қўлланилади. Бу тажриба Европада ҳам, Америкада, ҳаттоки, катта ҳудудга эга Россияда ҳам самарали йўлга қўйилган. Чунки айрим давлатларда ер ости иншоотларига эҳтиёж табиий равишда вужудга келади. Масалан, газни ер остида сақлаш омборлари Европада кенг тарқалган. Ёз фаслида газ сарфи камаяди, шунинг учун у ер остида тўпланиб, қишда ишлатилади. Шунингдек, маҳсулотларни ҳам ер остида сақлаш кўп ҳолатда фойдали. Чунки у ерда ҳарорат барқарор, энергия сарфи кам ва йўқотиш эҳтимоли паст бўлади.

Ер усти биноларида асосий хавф – зилзила вақтидаги тебраниш. Агар бино тебраниш частотаси келаётган сейсмик тўлқин частотаси билан мос келиб қолса, резонанс ҳодисаси юз беради. Бу ҳолатда тебраниш амплитудаси кескин ошиб, бинонинг емирилиш хавфи кучаяди. Шу боис, ер усти биноларини резонанс таъсиридан ҳимоя қилиш ва тебраниш амплитудасини камайтириш механизмлари ишлаб чиқилади.

Ер ости иншоотларида эса вазият бошқачароқ. Улар тупроқ қатлами ичида жойлашгани сабабли резонанс ҳолати деярли кузатилмайди. Аммо бундай биноларда асосий масала тупроқ ва иншоотнинг ўзаро таъсиридир. Ер қимирлаганда тупроқ билан иншоот биргаликда ҳаракат қилади ва бу ўзаро таъсир натижасида катта кучлар ҳосил бўлади. Шу кучларга иншоот чидай олиши лозим.

– Мисол учун, Тошкент ёки бошқа шаҳарларда келгусида ер ости бинолари қайси соҳаларда кўпроқ қурилиши мумкин?

–  Тошкентда биринчи ер ости иншооти – метрополитен қурилиб, 1977 йилда ишга туширилган. Метрополитен икки хил ҳолатда барпо этилади: биринчиси, олдиндан режалаштирилган янги шаҳар ҳудудида, иккинчиси, тайёр шаҳар ичида. Масалан, Тошкентда метрополитен тайёр шаҳарга қурилган, худди шундай ҳолат Москва ёки Нью-Йоркда ҳам кузатилган.

Айтиш керакки, ҳозирги кунда мамлакатимиз раҳбарлари томонидан янги ҳудудлар ажратилиб, “Янги Ўзбекистон” номи билан қурилишлар амалга ошириляпти. Ана шу янги ҳудудларда ер ости иншоотларини қуриш имконияти анча катта, чунки бу ерларда барча ишлар олдиндан режалаштирилади ва техник меъёрлар асосида ташкил этилади.

Тошкентда бундай иншоотлар қуриладиган бўлса, улар асосан янги қурилаётган бинолар ҳудудида бўлади. Ер ости иншоотларини қуришни тайёр кварталларда эмас, балки янги барпо этилаётган ҳудудларда амалга ошириш ҳам фан нуқтаи назаридан, ҳам аҳоли манфаатлари нуқтаи назаридан энг тўғри ва фойдали йўл ҳисобланади.

–  Тошкент сингари сейсмик хавф юқори бўлган шаҳарларда ер ости иншоотлари қанчалик самарали ва хавфсиз?

– Бу масалада иккита муҳим жиҳат бор. Биринчиси, сейсмик хавф мавжуд ёки мавжуд бўлмаган ҳудудларнинг фарқи. Масалан, Англия ёки Германия каби  давлатларда сейсмик хавф даражаси паст, деярли йўқ. Аммо Италия, Испания, Португалия сингари мамлакатларда зилзила хавфи анча юқори.

Албатта, хавф паст бўлган ҳудудларда ер ости иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш осонроқ бўлади. Бу ерда иккинчи муҳим жиҳат иқтисодий ва ижтимоий самарадорликдир. Яъни сейсмик мустаҳкамликни таъминлаш орқали ер қимирлаган пайтда иншоот вайрон бўлмаса, одамлар ва моддий бойликлар сақланиб қолса, ана шу ҳолатнинг ўзи энг катта иқтисодий ва ижтимоий самара ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам бу жараёндаги учта асосий гуруҳ: лойиҳачилар, экспертиза мутахассислари ва қурувчилар ўзаро узвий боғлиқ ҳолда ишлаши лозим. 

–  Сизнингча, ер ости биносини қуришда кўпроқ нималарни ҳисобга олиш керак?

– Энг аввало, ер ости биноларини қуришда бир қатор муҳим омиллар ҳисобга олиниши лозим. Масалан, Тошкентдаги ер ости метрополитенининг чуқурлиги тахминан 40 метрни ташкил этади. Мен ўша пайтда метрополитен қурилиши жараёни кетaётган даврда институтда ишлаганман, шу боис бу жараёнларни ўз кўзим билан кўрганман.

Энг катта муаммолардан бири – ер ости сувларининг тез чиқиб кетиши. Шунинг учун ер ости иншоотини қуришда биринчи навбатда ер ости сувларининг қанчалик яқинлиги ва уларнинг мавсумий ўзгаришини, яъни йилнинг турли фаслларида кўтарилиши ёки пасайишини ҳисобга олиш жуда муҳим.

Иккинчи муҳим омил – қурилиш олиб бориладиган ҳудуддаги тупроқнинг хусусиятлари. Масалан, Ўзбекистон ҳудудида асосан “люссимон” деб аталадиган тупроқлар кенг тарқалган. Бу турдаги тупроқлар сув тегиши билан ўзининг мустаҳкамлигини йўқотишни бошлайди. Яъни, агар сув кирса, бундай тупроқ суюқланиб, барқарорликни йўқотади. Шу боис, тупроқ етарли даражада мустаҳкам бўлиши керак.

– Агар кучли зилзила содир бўлса, ер ости иншоотлари ер усти биноларига нисбатан қанчалик барқарор тура олади?

– Албатта, бу масалада дунё тажрибаси жуда катта аҳамиятга эга. Кучли зилзилалар бўлган ҳудудларда, масалан Туркияда, АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида, Японияда ўтказилган кузатувлар шуни кўрсатадики, ер ости иншоотлари ер усти биноларига нисбатан анча барқарор тура олади. Агар барча ҳисоб-китоблар тўғри қилинган, лойиҳа илмий асосда ишлаб чиқилган ва қурилиш сифатли бажарилган бўлса, ер ости иншоотлари нафақат моддий жиҳатдан, балки одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамият касб этади.

Тошкент метрополитени қурилаётган даврда ана шу жиҳатлар ҳисобга олинган. У фақат транспорт тизими сифатида эмас, балки зарурат туғилганда одамларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган иншоот сифатида ҳам қурилган. Мен қурилиш пайтида, қурилишдан кейин метрополитеннинг ер ости қисмларидан бир неча маротаба пиёда ўтганман. Шу тажрибамга таянган ҳолда айтиш мумкинки, унинг мустаҳкамлиги юқори даражада таъминланган.

– Ер ости биноларидан фойдаланиш одамлар психологиясига ҳам таъсир қиладими? Масалан, узоқ вақт ер остида бўлиш салбий ҳолат туғдирмайдими?

– Албатта, таъсир қилади. Бу табиий ҳолат. Ўзингиз ўйланг, очиқ ҳавода юриб, кенгликда яшаш билан ер остида ёки юқори қаватларда бўлиш – инсон психологияси учун турлича таъсир қилади. Масалан, 30 қаватли бинода яшаш ҳам одам руҳиятига таъсир этади, фақат у вақт ўтиши билан бора-бора ўрганиб кетади.

Японларда бу борадаги маданият анча ривожланган. Улар болаликдан, боғчадан бошлаб одамларга “ҳеч нарса бўлмайди, бизнинг бинолар хавфсиз” деган ишончни сингдириб боришади. Шу боис у ерда зилзила бўлганида ҳам одамлар ҳаддан ортиқ хавотирга тушмайди. Бизда эса ҳали бундай психологик тайёргарлик етарли эмас.

– Жамоат жойлари: театр, музей ёки савдо марказлари ер остида қурилса, одамлар бунга қанчалик кўникиши мумкин?

– Менимча, одамлар бунга жуда тез кўникиб кетади. Сабаби шундаки, агар ер устидаги ва ер остидаги шароит бир хил даражада қулай бўлса, инсон учун жойнинг қаердалиги муҳим бўлмай қолади. Бу ерда энг асосий масала – ҳаво ва микроклимат.

Оддий бир мисол, ёзнинг иссиқ кунларида кўпчилик метрополитенга тушгиси келади, чунки у ерда салқинлик ва озодалик бор. Ер устида 40 даража иссиқ бўлса, ер остида 20 даража атрофида бўлади. Шу сабабли одамлар бундай муҳитни ёқимли ҳис қилади ва тез кўникиб кетади.

Шунинг учун бундай иншоотларда ҳаммаси ўйланган бўлиши керак: ҳаво алмашинуви, ҳарорат, ёруғлик, интерьер, хавфсизлик. Агар бу шароитлар таъминланса, одамлар жуда тез мослашиб кетади. Албатта, одамлар ҳар хил, баъзилари тез кўникади, баъзиларига вақт керак бўлади, лекин умуман олганда бу муаммо эмас.

– Ер ости биноларини қуриш ер усти биноларига нисбатан қимматми? Агар қиммат бўлса, қайси жиҳатларда харажат юқори?

– Албатта, ер ости биноларини қуриш қимматга тушади. Ер ости бинолари асосан икки хил: очиқ  ва ёпиқ усулда қурилади.

Очиқ усулда қуриш нисбатан осонроқ. Аввало, ер очиб олинади, кейин шу жойда қурилиш ишлари бажарилади ва охирида усти ёпилади. Бу усул асосан чуқурлиги унчалик катта бўлмаган биноларга қўлланилади. Аммо агар қуриладиган иншоот 50 метр чуқурликда бўлса, очиқ усул билан қуришнинг иложи йўқ. Бундай ҳолда албатта, ёпиқ усулда қуриш талаб этилади.

Ёпиқ усулда қурилиш ишлари ерни қазиб кирган ҳолда, тўлиқ ер остида амалга оширилади. Бу эса анча мураккаб ва очиқ усулга нисбатан қимматроқ ҳисобланади. Чунки бу жараёнда қазиш, мустаҳкамлаш, изоляция ва хавфсизлик ишларига катта маблағ кетади. 

Умуман олганда, ер ости иншоотлари – савдо марказими, метрополитенми, газопровод ёки бошқа коммуникация тизимларими, барчасининг қурилиши ер усти биноларига нисбатан 2-3 баравар қимматга тушади. Шундай бўлса-да, ер ости биноларини қуришга эҳтиёж бор. Чунки бу, аввало, одамларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган муҳим омил ҳисобланади.

– Халқаро тажрибада қайси давлатлар ер ости биноларидан самарали фойдаланмоқда? Бизнинг мутахассислар улардан нималарни ўрганишлари мумкин?

– Ер ости биноларидан самарали фойдаланаётган давлатлар орасида Америка Қўшма Штатлари алоҳида ўрин тутади. Бу мамлакатда ер ости иншоотларидан икки асосий мақсадда фойдаланилади: биринчиси, аҳолини ядро хавфидан ҳимоя қилиш, иккинчиси, ер остидан самарали фойдаланиш орқали шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш. Шу йўналишда уларда катта тажриба тўпланган. Айниқса, қурилиш технологиялари ва лойиҳалаш ишлари юқори даражада йўлга қўйилган.

Биз уларнинг қурилиш технологиялари, замонавий материаллардан фойдаланиш, сейсмик мустаҳкамликни таъминлаш ва лойиҳалаш соҳаларидаги тажрибасини ўрганишимиз лозим. 

Бу соҳада тўлиқ самарага эришиш учун илмий лабораториялар, лойиҳалаш ташкилотлари ва махсус қурилиш компанияларини ташкил этиш зарур. Ҳозирги пайтда бизда бу йўналишдаги ишлар ҳали етарли даражада йўлга қўйилмаган. Шунинг учун илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш жуда муҳим.

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ер остида бинолар қуришга тайёрми?