БМТнинг Электрон ҳукуматни ривожлантириш индексининг сўнгги уч йиллик рейтинги натижасига кўра, Ўзбекистон ўтган даврда 18 поғона юқорилаб, 195 мамлакат ичида 69-ўринга кўтарилди.
Натижада Ўзбекистон энг тез суръатларда ўсаётган давлатлар қаторига кирди.
Сенат ахборот хизматидан хабар беришларича, ушбу халқаро рейтинг кўрсаткичлари асосида Ўзбекистондаги давлат ва хўжалик ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш методикаси ишлаб чиқилган. Мазкур методика доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда.
2023 йилнинг биринчи ярим йиллиги якуни бўйича рақамли трансформация ҳолатини рейтинг баҳолаш жараёнида 43 давлат органи, 38 хўжалик органи, 14 маҳаллий ҳокимлик, жами 95 давлат ташкилоти қамраб олинди.
Рейтинг баҳолаш ишлари 5 та йўналишда – очиқлик ва электрон иштирок; электрон давлат хизматлари; ахборот хавфсизлиги; фаолиятнинг рақамлаштирилгани; ташкилий масалалар бўйича амалга оширилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА