Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни мақсад қилар экан, албатта ўзининг мустаҳкам, тизимли ички маҳсулот ишлаб чиқаришига эга бўлиши ва рақобатбардош саноати билан ташқи бозорларга кириб бориши лозим. Шу билан бирга, энг аввало, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз ҳам жаҳондаги етакчи брендлар билан кучли рақобатга тайёр бўлиши керак.
Айниқса, компьютер ва бошқа гаджетлар савдоси тез тараққий этиб бораётган бир даврда мамлакатимизда ушбу турдаги маҳсулотларнинг маҳаллийлаштирилиши электротехника саноати ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Бу йўналишда тадбиркоримиз томонидан маҳаллий бозорга энг сўнгги русумдаги компьютер ва моноблок ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйилиши қувонарли хол албатта.
- Хитой ва Тайланд тадбиркорлари билан компьютер моноблокларининг корпус қисмини тайёрлаш линияларини ишга туширдик, - дейди корхона раҳбари Алишер Хўжамбердиев. – Энди Япониядан буларнинг ички хотирасини ишлаб чиқариш линиясини ҳам олиб келиб ўрнатмоқчимиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gx5mX6iwnis" title="Oʻzbekiston elektrotexnika sanoati raqobatga tayyormi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Айтиш керакки корхона авваллари шахсий компьютер, моноблок, планшет каби маҳсулотларни йиғиш билан шуғулланган бўлса, бугунги кунга келиб, ушбу юқори технологик маҳсулотларни маҳаллийлаштириш орқали ўзимизда ишлаб чиқаришни бошлаб юборди.
Ташкил этилган вақтда 4 нафар ишчи билан иш бошлаган корхонада ҳозирда 30 нафарга яқин юртдошларимизнинг бандлиги таъминланган. Корхона раҳбарининг таъкидлашича, яқин вақтлар ичида яна 10 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилмоқда.
Ҳозирда тадбиркор ўз маҳсулотлари билан қўшни мамлакатлардаги кўргазмаларда иштирок этишни ҳам бошлаб юборган. Хусусан, жорий йил Тожикистонда ўтказилган кўргазмада илк маҳсулотлари намойиш қилиниб, экспорт шартномаларини ҳам тузди.
Ушбу мақсадларга эришишда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан тадбиркорга етарлича кўмак бериб келинмоқда.
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА