
“Аш-Шарқ” нашри“Таржима ва халқаро англашув учун Шайх Ҳамад” мукофоти делегацияси Ўзбекистоннинг Доҳадаги элчихонасида дипломатимиз Ашраф Хўжаев билан учрашганини ёритди.
Учрашувда элчимиз Қатар Давлати билан муносабатларга оид стратегик қарашларни эътироф этиб, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий яқинлашув муҳимлигини ҳамда икки давлат ўртасида тил ва интеллектуал алоқа кўприкларини барпо этишда қўшма ташаббуслар қаторида таржиманинг ҳам ўрни алоҳида эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, мукофот делегацияси араб ва халқаро тиллар ўртасидаги таржима ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, араб тилини тарғиб қилиш, шунингдек, ушбу мукофотнинг мақсади ва миссияси ҳақида кенгроқ маълумот берди.
Учрашувда томонлар умумий мақсадларга хизмат қиладиган ҳамда яқин келажакда маданий лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Мулоқот якунида меҳмонлар дипломатимиз Ашраф Хўжаевга самимий қабул ва ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди ҳамда элчихонанинг Қатар Давлати билан мустаҳкам стратегик муносабатларни ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Маълумот ўрнида, мазкур мукофот Қатар Давлатининг турли маданиятлар ва инсоният жамоалари ўртасида ўзаро тушуниш ва мулоқот кўприкларини ўрнатишдаги ролидан келиб чиқиб, 2015 йилда Доҳа шаҳрида таъсис этилган.
Мукофот дунё бўйлаб маданиятни ривожлантириш, араб тили бўйича таржимани қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ташкил этилганидан бир неча йил ўтгач, ушбу соврин қиймати ва таъсири жиҳатидан дунёдаги энг муҳим ва энг йирик таржима мукофотига айланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА