Ўзбекистон - дўстлик ва бағрикенглик диёри
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган байрам тадбирлари ажойиб концерт дастури билан якунланди.
Икки кун давом этган юбилей дастурлари давомида юртимизда истиқомат қилаётган қардош халқ - қозоқларнинг мамлакатимиз ривожига қўшган муносиб ҳиссаси эътироф этилди. Шу билан бирга бу тадбирлар қозоқ халқининг урф-одати, тили, маданияти, қадриятларини ўрганиш ва келажак авлодга етказишдек эзгу мақсадга хизмат қилди.
Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази қозоқ халқининг маданий мероси, анъаналари, урф-одати, она тилини янада ривожлантириш ва асраб-авайлаш, бошқа миллий маданий марказлар билан ҳамкорлик қилиш, миллатлараро тотувлик, тинчлик ва дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш мақсадида фаолият юритади.
Юбилей муносабати билан бугун куннинг иккинчи ярмида “Туркистон” санъат саройига кираверишда қозоқ миллати вакилларининг машҳур рассомлари, ҳунармандлари, адиблари асарлари, миллий таомлари кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазмага ташриф буюрганлар қозоқ халқининг бой ва бетакрор миллий маданияти, урф-одат, анъаналари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.
“Туркистон” саройи катта залида “Ўзбекистон - дўстлик ва бағрикенглик диёри” номли гала-концерт бўлиб ўтди.
- Ўзбек ва қозоқ халқларининг ўтмиши, бугуни мустаҳкам ришта билан узвий боғланган, тарихнинг турли босқичларида барча соҳалардаги ҳамкорликнинг минглаб намуналари мавжуд, - дейди Қозоғистон делегацияси раҳбари “Ватандошлар” жамоат фонди президенти Абзал Сапарбеков.
– Айни жараёнда ташкил этилганига 30 йил тўлган Ўзбекистон қозоқ миллий маданий маркази фаолияти таҳсинга сазовор. Бўлиб ўтган учрашув, мулоқотлар икки халқ алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари байрамона концерт дастуридан ўрин олган турли халқларнинг куй, рақслардан баҳраманд бўлишди. Бундай тадбирлар Ўзбекистон заминида ҳукмрон миллатлараро тотувлик, дўстлик, тинчликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
[gallery-7535]
Гўзал Сатторова, Алимурод Мамадаминов(сурат), ЎзА