Ўзбекистон делегациясининг Кобулдаги музокаралари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси 30 ноябрь куни Кобул шаҳрига ташриф буюриб, Афғонистон Муваққат ҳукумати вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси раҳбарияти, Ташқи ва Ички ишлар, Жамоатчилик, Энергетика ва Иқтисодиёт вазирликларида музокара олиб борилди. Мамлакатдаги мавжуд вазият, Афғонистон халқига инсонпарварлик ва бошқа йўналишларда кўмак бериш борасидаги саъй-ҳаракатлар, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Афғонистон Муваққат ҳукумати вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ушбу синовли дамларда афғон халқини фаол қўллаб-қувватлаётгани, мамлакатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига кўрсатаётган ёрдами, янги ҳукумат томонидан афғон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари учун самимий миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон томонидан электр энергиясини узлуксиз етказиш, Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегараси иш тартибини давом эттириш, Мозори Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, инсонпарварлик ёрдамини ўз вақтида кўрсатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берилди.

Афғонистон томони Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилиши каби инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни имкон қадар тезроқ бошлашга тайёрлигини тасдиқлади. Бу лойиҳалар мамлакатни минтақавий жараёнларга босқичма-босқич жалб этишнинг асосий омилига айланган интеграция ва ўзаро боғлиқликка хизмат қилади.
Афғонистон вакиллари Ўзбекистон томонини Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига, умуман, бутун дунёга заррача таҳдид ҳам ҳеч қачон ушбу давлат ҳудудидан келмаслигига ишонтирди.
Афғонистоннинг янги ҳукумати Ўзбекистон билан биргаликда икки халқнинг буюк аждодлари – Алишер Навоий (Ҳирот), Заҳириддин Муҳаммад Бобур (Кобул), Абу Райҳон Беруний (Ғазна) ва Бобораҳим Машраб (Таҳор) қўним топган масканларда ободонлаштириш ишларини олиб боришга тайёрлигини билдирди. Мамлакат мактаблари ва олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Афғонистон томони минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида икки мамлакат, икки халқ манфаати йўлида Ўзбекистон билан биродарлик ва яхши қўшничилик муносабатини қўллаб-қувватлаш йўналишини бундан кейин ҳам давом эттиришга қатъий эканини тасдиқлади.
Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати