Ўзбекистон делегацияси VII Бутунжаҳон маданиятлараро мулоқот форумида иштирок этди
Бутунжаҳон маданиятлараро мулоқот форуми турли маданият ва дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий қадриятлар асосида тинч ва барқарор келажакни шакллантиришга қаратилган халқаро мулоқот майдони саналади.
Озарбайжон Республикаси пойтахти Боку шаҳрида “Бўлинган дунёда умумий келажак учун мулоқот: кўприклар қуриш” шиори остида VII Бутунжаҳон маданиятлараро мулоқот форуми бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли халқаро анжуманда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) Бош директори Салим бин Муҳаммад ал-Малик, БМТ Бош котибининг ўринбосари – Цивилизациялар альянси Олий вакили Мигел Анхел Моратинос ҳамда кўплаб халқаро ташкилотлар ва дипломатик ваколатхоналар вакиллари иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси ҳам қатнашди. Делегация раҳбари ўз чиқишида Ўзбекистонда диний бағрикенгликни таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва динлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда тажрибалар ҳақида атрофлича фикр-мулоҳаза билдирди.

М. Комилов ўз нутқида мазкур форум глобал тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим халқаро мулоқот майдони эканини алоҳида таъкидлади.
Анжуман давомида маданиятлараро ва динлараро мулоқотни ривожлантириш, тинчликсеварлик ғояларини илгари суриш, турли халқлар ҳамда цивилизациялар ўртасидаги ҳамкорлик кўприкларини кенгайтириш, шунингдек, глобал муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим топиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Анжуман доирасида Озарбайжон Диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича давлат қўмитаси ҳамда БМТ Цивилизациялар альянси ҳамкорлигида “Динлараро мулоқот: умумий келажак сари йўл харитаси” мавзусида ялпи мажлис ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини боғлаб турган муштарак тарихий илдизлар, бой маданий мерос ва азалий дўстлик ришталарига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий ижоди икки халқнинг маънавий яқинлиги ҳамда муштарак адабий меросининг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилди.
Мажлисда сўзга чиққан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов мамлакатимизнинг бой исломий ва умуминсоний меросини халқаро миқёсда тарғиб этиш, маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш ҳамда халқаро илмий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш аҳамиятига тўхталди.
Шунингдек, диний бағрикенгликни мустаҳкамлашда таълим тизимининг ўрни, ёшлар билан ишлаш ҳамда рақамли даврда сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш борасидаги халқаро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА