Ўзбекистон делегацияси ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг сессиясида иштирок этди
Нидерландия Қироллигининг Гаага шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Парламент ассамблеясининг «Халқаро ҳуқуқ ва умумий тамойиллар: ЕХҲТ ҳудудида хавфсизлик ва ҳамкорликнинг асослари» мавзусига бағишланган 33-йиллик сессияси бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон парламенти делегацияси делегацияси таркибида Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов иштирок этди.
Тадбирда Европа, Шимолий Америка ва Марказий Осиё давлатларидан 250 дан ортиқ делегациялар вакиллари парламент дипломатиясини ривожлантириш, халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш, демократик институтлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни муҳокама қилди.

Сессия давомида халқаро хавфсизлик, низоларнинг олдини олиш, демократик институтларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда парламент дипломатиясининг замонавий чақириқларга мос механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қатор маърузалар ва мунозаралар ўтказилди. Иштирокчилар мазкур йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Марказий Осиё бўйича ҳамда Ипак йўли гуруҳи йиғилишларида Ўзбекистон делегацияси аъзолари «Янги Ўзбекистон» тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, парламент фаолиятини такомиллаштириш, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган ўзгаришлар ҳақида маълум қилди.

Ўзбекистон парламенти делегацияси бир қатор учрашувлар ҳам ўтказди. Жумладан, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси Бош котиби, ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ҳамда Нидерландия делегацияси раҳбари билан самарали мулоқотлар ўтказилди.
Н.Абдураимова, ЎзА