Ўзбекистон делегацияси БМТнинг юқори мартабали вакиллари билан қатор учрашувлар ўтказди
БМТнинг Терроризмга қарши кураш ҳафталиги доирасида 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси делегацияси Давлат хавфсизлик хизмати раиси биринчи ўринбосари Б. Турсунов бошчилигида БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Зуев билан учрашув ўтказди.
Томонлар ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакасини ошириш, террористлар томонидан янги технологиялардан фойдаланишга қарши курашиш ва терроризмни молиялаштиришнинг олдини олишни назарда тутувчи қўшма дастурлар муваффақиятли амалга оширилаётганини юксак баҳоладилар.
Томонлар можароли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни реабилитация ва реинтеграция қилиш бўйича Халқаро компетенциялар марказини ташкил этиш истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар. Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 80 юбилей сессияси минбаридан илгари сурилган эди.

Мазкур тузилма Марказий Осиёнинг бу борадаги муваффақиятли тажрибасига таянган ҳолда, реабилитация соҳасида мослашувчан стратегияларни ишлаб чиқиш бўйича глобал билим ва тажриба алмашиш майдонига айланиши мумкинлиги қайд этилди. Марказ фаолияти соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, репатриантлар учун таълим ҳамда касбий ривожланиш йўналишларини яратиш, шунингдек, экстремизмнинг олдини олиш ва унинг тарқалишини барвақт бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.
Учрашув доирасида Ўзбекистон ва БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси ўртасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик бўйича янги «йўл харитаси» имзоланди. Мазкур ҳужжат стратегик шерикликнинг янги босқичини бошлаб бериб, Ўзбекистонга терроризмга қарши кураш соҳасида кенг кўламли эксперт ва техник кўмак кўрсатилишини таъминлайди.
Шунингдек, Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон делегацияси БМТнинг Терроризмга қарши кураш қўмитаси Ижроия директорияти директори Наталья Герман билан музокаралар ўтказиб, хавфсизлик соҳасидаги қўшма ташаббусларни муҳокама қилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ)нинг БМТ Терроризмга қарши кураш қўмитаси Ижроия директорияти Глобал тадқиқотлар тармоғига қўшилиши истиқболлари муҳокама қилинди. Таъкидланишича, бу институтга терроризмга қарши кураш соҳасидаги дунёнинг етакчи таҳлил марказлари тадқиқотларидан тўлақонли фойдаланиш имконини беради.
Учрашувлар якунлари бўйича томонлар терроризм таҳдидига қарши курашиш борасидаги яқин ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Маълумот учун: БМТнинг Терроризмга қарши кураш ҳафталиги аъзо давлатлар, БМТ тизими тузилмалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, шунингдек, экспертлар ҳамжамиятини замонавий таҳдидларни муҳокама қилиш ҳамда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида бирлаштирувчи энг нуфузли халқаро майдонлардан бири ҳисобланади. Жорий йилда мазкур тадбир 26 июндан 2 июлга қадар бўлиб ўтмоқда.