Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Хорватияда бўлди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Камилов 17-21 май кунлари Хорватия Республикасида амалий ташриф билан бўлди.
Дастур доирасида Хорватия Республикаси Бош вазири Андрей Пленкович, Бош вазир ўринбосари, денгиз, транспорт ва инфратузилма вазири Олег Буткович, Хорватия ташқи ва Европа ишлари вазири Гордан Грлич-Радман, туризм ва спорт вазири Тончи Главина билан учрашувлар ўтказилди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон – Хорватия муносабатларининг бугунги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболлари, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш, олий ва юқори даражадаги ташрифлар алмашинувини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш, идоралараро алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар транспорт ва логистика, энергетика, саноат кооперацияси, рақамлаштириш, ахборот-коммуникация технологиялари, туризм, инфратузилмани ривожлантириш ва томонларни қизиқтирган бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун катта салоҳият мавжудлигини таъкидладилар.
Ташриф доирасида Хорватиянинг етакчи компаниялари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳам музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувлар чоғида инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий технологияларни жалб қилиш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хорватия компанияларининг 2026 йил 16-18 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди.
Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон – Хорватия шериклигини янада мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва икки томонлама муносабатларни чуқурлаштиришга қаратилган янги қўшма ташаббусларни илгари суришдан ўзаро манфаатдорлик тасдиқланди.
ЎзА