Ўзбекистон давлат спорт академияси делегацияси Италияда
Мамлакатимиз спорт соҳасининг бир гуруҳ мутахассислари, олимлар Италия сафарининг илк кунларида Тренто университети таркибида фаолият юритаётган илғор илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида қатор учрашувлар ўтказди. Илмий лабораторияларга ташрифлар амалга оширилди.
Европа миқёсида когнитив фанлар, нейроилм ва экспериментал тадқиқотлар соҳасида етакчи илмий муассасалардан бири саналган Center for Mind/Brain Sciences (CIMeC) марказида инсон мияси фаолияти, когнитив жараёнлар ва хулқ-атворни замонавий технологиялар асосида тадқиқ этиш бўйича амалга оширилаётган илмий ишлар ўрганилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон давлат спорт академияси ректори Илҳомжон Турсуналиев етакчилигидаги юртимиз олимлари Италиянинг Neuroimaging Labs (LNiF) номли етакчи илмий лабораториясида инсон мияси фаолиятини функционал магнит-резонанс томографияси, электроэнцефалография ва бошқа замонавий технологиялар орқали таҳлил қилишга қаратилган тадқиқотлар, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва инсон-машина ўзаро таъсири соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Учрашувлар давомида италиялик олимлар билан психология, когнитив тадқиқотлар ҳамда рақамли технологиялар соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Келгусида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро грант дастурларида иштирок этиш, олимлар ва тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда академик мобилликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр юритилди.
Италияда олинган тажриба ва илғор илмий ёндашувлар Ўзбекистонда спортчиларнинг функционал ҳолатини баҳолаш, юқори натижаларга эришишда илмий тадқиқотларни такомиллаштиришга қаратилгани билан эътиборлидир.
Т. Рўзиев, ЎзА